1 июлдан Қозоғистонда қандай муҳим ўзгаришлар амалга ошади

ASTANA. Kazinform — 1 июлдан бошлаб Қозоғистонда бир қатор муҳим ўзгаришлар кучга киради. Хусусан, Республика референдуми якунлари асосида қабул қилинган янги Конституция кучга кириб, аҳоли ҳаётига бевосита дахлдор бўлган бир қатор рақамли хизматлар ишга туширилади.

Что изменится в Казахстане с 1 июля
Коллаж: Kazinform

Конституция

Июль ойидаги энг муҳим воқеалардан бири — 2026 йил 16 мартда республика референдуми натижаларига кўра қабул қилинган янги Конституциянинг кучга киришидир. Шу билан бирга, 1995 йилда қабул қилинган амалдаги Конституция расман ўз кучини йўқотади.

Давлат маслаҳатчиси Ерлан Қариннинг таъкидлашича, янги Конституциянинг муқаддимасини мамлакатнинг асосий мафкуравий тамойилларини ўзида мужассам этган яхлит ва тизимлаштирилган ҳужжат, деб баҳолаш мумкин. Амалдаги Конституция давлатчиликни шакллантириш даврида ишлаб чиқилган бўлса, янги Конституция ўтган йиллар давомида барпо этилган давлатчиликни янада мустаҳкамлашга қаратилган. Бу ҳақда муқаддимада аниқ қайд этилган. Шунингдек, унда тарих, қонун ва тартиб, бирлик ва ҳамжиҳатлик, миллатлараро ҳамда конфессиялараро тотувлик, маданият ва таълим, илм-фан ва инновациялар, табиатни асраш, тинчлик ва дўстлик каби тамойиллар ҳамда қадриятлар ўз ифодасини топган.

Асосий қонун мамлакат тарихига нисбатан янгича ёндашувни шакллантирди. Давлатнинг ҳудудий яхлитлигига оид аниқ позиция белгилаб берилди. Қозоғистоннинг дунёвий давлат экани мустаҳкамлаб қўйилди. Анъанавий қадриятлар энг юқори ҳуқуқий даражада ҳимоя қилинди. Мамлакат тараққиётининг инсонпарварлик мезони жорий этилди. Инсон ҳуқуқлари эса асосий устувор йўналиш сифатида белгиланди.

Вице-президент институти ташкил этилади. Давлат раҳбарининг топшириғига биноан, Вице-президент давлат органлари билан ҳамкорликда Президент манфаатларини ифода этади ҳамда у белгилаган вазифаларни бажаради.

Шунингдек, бир палатали парламент шакллантирилиб, у Қурултой деб аталади. Қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг олий вакиллик органи партия рўйхатлари асосида сайланадиган 145 нафар депутатдан иборат бўлади. Қурултой депутатларининг ваколат муддати — 5 йил. Органга давлат тилини мукаммал биладиган депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан кўпчилик овозини олган Раис раҳбарлик қилади.

Бундан ташқари, умумхалқ мулоқотини таъминлаш ҳамда фуқаролик жамиятининг мамлакат ички сиёсатини шакллантиришда иштирокини кучайтириш мақсадида олий маслаҳат органи — Халқ кенгаши ташкил этилади. Мамлакат фуқароларидан шакллантириладиган мазкур Кенгаш кенг ваколатларга эга бўлади. У қонунчилик ташаббуси билан чиқиш ва умумхалқ референдумини ўтказишни таклиф қилиш ҳуқуқига ҳам эга. Кенгаш таркибига тенглик тамойили асосида этномаданий ва жамоат бирлашмалари, шунингдек, пойтахт, вилоятлар ҳамда республика аҳамиятига эга шаҳарлар маслиҳатлари ва жамоатчилик кенгашлари вакилларидан жами 42 нафар аъзо киради. Уларнинг таркибини Қозоғистон Республикаси Президенти тасдиқлайди.

Давлат хизматига оид янги Қонун кучга киради

Давлат раҳбари томонидан 19 майда имзоланган «Давлат хизмати тўғрисида»ги янги Қонун 1 июлдан бошлаб кучга киради. Қонундаги асосий янгиликлардан бири — у, энг аввало, профессионал, очиқ ва фуқаролар манфаатларига йўналтирилган давлат хизматини шакллантиришга қаратилганидир. Ҳужжатда очиқлик тамойилига алоҳида эътибор қаратилган. Давлат хизматчилари ўз ваколатлари доирасида фуқаролар ва ташкилотларнинг ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаши шарт.

Мазкур қонун доирасида илк бор «давлат хизматчисининг бенуқсон обрўси» тушунчаси жорий этилди. У давлат хизматчисининг касбий, ахлоқий ва шахсий фазилатлари мажмуини қамраб олади ҳамда давлат хизматига қабул қилиш ва уни ўташга қўйиладиган талабларни аниқ белгилайди. Меҳнат шароитларига оид ҳам қатор ўзгаришлар назарда тутилган. Давлат хизматчилари учун тўлиқсиз иш вақти режимида ишлаш имконияти яратилиб, мослашувчан иш жадвалини жорий этишнинг ҳуқуқий асослари белгиланди. Ижтимоий кафолатлар ҳам сезиларли даражада кенгайтирилди. Илгариги ҳар йилги 30 календарь кунлик меҳнат таътилига қўшимча равишда, давлат хизмати стажи 10 йилдан ошган хизматчиларга меҳнат стажига қараб 3 кундан 10 кунгача қўшимча таътил берилади. Шунингдек, никоҳдан ўтиш, фарзанд туғилиши, бола асраб олиш, яқин қариндошининг вафоти каби ҳолатларда 10 кунгача қисқа муддатли ҳақ тўланадиган таътил бериш ҳам назарда тутилган.

Янги Қурилиш кодекси кучга киради

1 июлдан бошлаб янги Қурилиш кодекси кучга киради. Унинг доирасида 138 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат янгиланади.

“Қурилиш соҳаси рақамли технологияларни жорий этиш орқали лойиҳалашдан тортиб объектни фойдаланишга топшириш ва қайта ишлашгача бўлган барча жараёнларни қамраб олган янги босқичга ўтмоқда. Ана шу янгиликларни мустаҳкамлаш ва соҳани янада ривожлантириш мақсадида янги Қурилиш кодекси қабул қилиниб, жорий йилнинг 9 январь куни имзоланди. У 1 июлдан бошлаб кучга киради. Қурилиш сифати ва хавфсизлигини ошириш мақсадида соҳа иштирокчиларига қўйиладиган талаблар кучайтирилади, лицензияларни электрон тарзда текшириш ҳамда муҳандисларни босқичма-босқич сертификатлаш тизими жорий этилади”, — деган эди ҚР Саноат ва қурилиш вазири Ерсайин Нағаспаев.

Унинг сўзларига кўра, қурилиш меъёрларини такомиллаштириш мақсадида халқаро стандартларга мос келадиган Миллий техник меъёрлаш институти ташкил этилади. Кодексни амалга ошириш доирасида 138 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни янгилаш ишлари олиб борилмоқда. Шаҳарсозлик ҳужжатлари сифатини ошириш мақсадида барча қурилиш лойиҳалари, жумладан, батафсил режалаштириш лойиҳалари ҳам мажбурий экспертизадан ўтказилади. Мазкур чора сифати паст лойиҳаларни ўз вақтида аниқлаш, лойиҳалашдаги хатолар ва коррупциянинг олдини олиш, шунингдек, ҳужжатларнинг шаффофлигини таъминлаш имконини беради. Бундан ташқари, Кодексга мувофиқ, батафсил режалаштириш лойиҳаларига ўзгартишлар фақат ҳар икки йилда бир марта киритилишига рухсат берилади. Бу эса мазкур ҳужжатларнинг барқарорлигини таъминлашга қаратилган.

Шаҳарсозлик кадастрини юритиш қоидалари ўзгаради

Саноат ва қурилиш вазирининг 2026 йил 26 майдаги буйруғи билан давлат шаҳарсозлик кадастрини юритиш ва ундан ахборот тақдим этиш қоидалари тасдиқланган эди. Шу муносабат билан 1 июлдан бошлаб шаҳарсозлик кадастри янги тартиб асосида фаолият юритади.

Тасдиқланган қоидаларга мувофиқ, кадастр мамлакат ҳудудида маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва тақдим этишнинг ягона тизими асосида юритилади.

Ахборот манбалари сифатида фуқаро муҳофазаси, архитектура ва шаҳарсозлик, таълим, фан ва олий таълим, соғлиқни сақлаш, ер қаъридан фойдаланиш, транспорт, экология, сув ва ўрмон ресурслари, маданият ва спорт, электр энергетикаси соҳаларидаги ваколатли давлат органлари, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи органлар белгиланган.

Маҳаллий ижро этувчи органлар қурилиш, ер муносабатлари, уй-жой-коммунал хўжалиги, ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмаси объектлари ҳақидаги маълумотларни, шунингдек, архитектура-режалаштириш топшириқлари, лойиҳа ҳужжатлари, объектларни фойдаланишга топшириш ва бузиш далолатномалари ҳамда шаҳарсозлик лойиҳаларига оид материалларни тақдим этади.

Шунингдек, табиий монополия субъектлари ва квазидавлат сектор ташкилотлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар рўйхати ҳам белгиланган. Унга қувватлар, муҳандислик тармоқлари ва инфратузилмани жойлаштириш схемалари ҳақидаги ахборот киради.

QR-тўловларнинг ягона банклараро тизими

19 июлдан бошлаб QR-тўловларнинг ягона банклараро тизими ишга туширилади. Ягона QR-тўлов тизимини жорий этиш тадбиркорлардан POS-терминалларни алмаштиришни талаб этмайди. Янги тўлов тизими орқали исталган банкнинг мобил иловаси ёрдамида товар ва хизматлар учун тўловни амалга ошириш мумкин. Шу сабабли тадбиркорларга бир нечта терминал ўрнатишга ҳожат қолмайди, фуқаролар эса қайси банк терминали мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида қайғурмайди.

Грантлар танловига аризалар қабул қилиш бошланади

13–20 июль кунлари давлат таълим грантини олишга даъвогар абитуриентлардан грантлар танловида иштирок этиш учун аризалар қабул қилинади. Абитуриентлар ҳужжатларини олий таълим муассасаларининг қабул комиссиялари орқали офлайн тарзда, виртуал қабул комиссиялари орқали онлайн шаклда, шунингдек, eGov портали орқали топширишлари мумкин.

Грантлар танловида иштирок этиш учун шахсни тасдиқловчи ҳужжат, Миллий ягона тест (МЯТ) сертификати, 3×4 ўлчамдаги фотосурат, умумий ўрта таълим аттестати ёки коллеж битирувчилари учун диплом талаб этилади. Шунингдек, имтиёзли тоифа бўйича танловда иштирок этадиган абитуриентлар тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам тақдим этиши лозим.

Ҳарбий хизматга чақириш жараёни рақамлаштирилади

4 июлдан бошлаб Мудофаа вазирлигининг Фуқароларни ҳарбий хизматга чақириш ва уни ташкил этиш қоидаларига киритилган ўзгартишлар кучга киради.

Унга кўра, фуқароларнинг тиббий кўрик натижалари, шахсий маълумотлари, судланганлик ҳолатига оид маълумотлар ҳамда бошқа ҳужжатлар электрон базага юкланади. Ҳарбий хизматга чақирилувчилар шахсий маълумотларини қайта ишлашга розилик беради ва ушбу ҳужжатлар рақамли картага киритилади. Ҳарбий хизматга чақириш ёки ҳарбий йиғинларга юбориш тўғрисидаги буйруқлар рақамли тизим орқали расмийлаштирилади. Зарур ҳолларда вақтинча қоғоз шаклидан фойдаланилиб, кейинчалик маълумотлар электрон тизимга киритилади. Ҳарбий чақирув билан шуғулланувчи бўлинмалар зарур маълумотларни давлат ахборот базаларидан автоматик тарзда олади. Агар тизимлар ўртасида ўзаро интеграция мавжуд бўлмаса, маълумотлар тегишли идоралардан уч иш куни ичида сўров орқали олинади.