1 февралдан бошлаб Қозоғистон фуқароларини қандай ўзгаришлар кутмоқда

АSTANА. Kazinform – Бугундан бошлаб Қозоғистонда бир қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилади. Масалан, таълим муассасаларида кутилмаган текширувлар бошланиб, Миллий фонддан болаларнинг ҳисоб рақамларига маблағлар ўтказила бошлайди. Бундан ташқари ёнғин хавфсизлигига қўйиладиган талаблар кучайтирилиб, Қозоғистон фуқаролигини олмоқчи бўлганлар тест топширади.

1 февралдан бошлаб Қозоғистон фуқароларини қандай ўзгаришлар кутмоқда
Коллаж: Kazinform

Таълим муассасалари текширилади

Ҳукумат раҳбари Олжас Бектеновнинг топшириғига мувофиқ, 1 февралдан бошлаб барча таълим муассасаларида "кутилмаган текширув" тамойили бўйича алоҳида назорат ва кузатув тизими жорий этилди. Бу болаларни соғломлаштириш, уларнинг хавфсизлиги ва овқатланиш масалаларига тегишли. Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш, Таълим, Маданият, Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя, Туризм ва Ички ишлар вазирликлари маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда алоҳида назорат ва кузатувга олинадиган объектлар рўйхатини тайёрлади.

Мамлакатда 8 мингдан ортиқ мактаб мавжуд. Уларда 4,1 миллиондан ортиқ ўқувчи таълим олади. 2025/2026 ўқув йилида 363 461 ёш ўқувчи илк бор таълим муассасаси қадам босди.

Миллий жамғарма - болаларга
Фото: Kazinform

Миллий жамғармадан болаларга маблағлар ўтказила бошлайди

Бугундан бошлаб Миллий жамғармадан мамлакатдаги 18 ёшга тўлмаган болаларга маблағлар ўтказила бошлайди. Маблағлар ўтказиш 2024 йилнинг 1 январда расман ишга туширилган "Миллий жамғарма – болаларга" дастури доирасида амалга оширилади. Дастурда 2006 йилдан бошлаб туғилган ҳар бир болага Миллий жамғармадан ҳар йили маблағ ўтказиш кўзда тутилган. Бир болага мўлжалланган мақсадли талабларнинг суммаси Қозоғистон фуқароси бўлган болаларнинг сони бўйича маълумотларга (2025 йил 31 декабр охиридаги ҳолатга кўра) ва Миллий жамғармадан ҳисобланган болаларга мўлжалланган мақсадли талабларнинг умумий суммаси бўйича Миллий банкдан олинган маълумотга асосланган ҳолда ҳисобланади.

Аввалроқ Миллий банк раиси Тимур Сулейменов ҳар болага қанча маблағ ўтказилиши мумкинлигини айтган эди.

ёнғин хавфсизлиги
Фото: Pexels

Ёнғин хавфсизлиги талаби кучайтирилди

Республикада объектни қабул қилиш ва фойдаланишга топширишдан олдин унинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса олишни мажбурий қилишни назарда тутувчи фуқаролик муҳофазаси соҳасидаги янги талаб кучга кирди. Бу мажбурият қурилишга буюртма берувчига юкланади ва одамлар кўп тўпланадиган объектларга, шунингдек баландлиги 28 метрдан ошадиган биноларга, жумладан кўп қаватли турар жойларга ҳам татбиқ этилади.

Хулоса ваколатли органнинг ҳудудий бўлинмалари тайёр объектда ўтказилган ёнғин-техник текширув натижаси бўйича берилади. Уни бериш давлат хизматлари форматида электрон шаклда "электрон ҳукумат" веб-портали орқали "Е-лицензиялаш" давлат маълумотлар базасининг ахборот тизимида амалга оширилади.

Давлат харидларида рақамли тенге қўлланилади

2 февралдан бошлаб давлат харидлари соҳасида қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) белгиланган рақамли тенгени қўллаш пилот лойиҳаси ишга туширилади. Шу орқали янги қўшилган қиймат солиғини маъмурий бошқариш механизми жорий этилиб, рақамли тенгедаги маблағнинг бир қисми ҚҚС суммасига тенг бўлади. У бюджетга солиқ тўлаш учун ёки бошқа солиқ тўловчилар билан ҳисоб-китоб қилиш учунгина сарфланиши мумкин. Пилот лойиҳа йил охиригача ишлайди.

Лойиҳанинг мақсади – солиқ мажбуриятларини бажаришни енгиллаштириш ва буюртмачилар ҳамда етказиб берувчилар ўртасидаги ҳисоб-китобларни очиқ қилиш. Олдиндан тахминга кўра, ҚҚС "белгиси бор" рақамли тенге сохта схемаларнинг қўлланилишини қисқартиради ва бюджетга солиқ тушумларини тўлиқ ҳамда ўз вақтида таъминлайди.

паспорт
Коллаж: Canva

Қозоғистон паспортини олмоқчи бўлганлар тест топширади

Ўтган ойда Фан ва олий таълим вазирининг буйруғи билан Қозоғистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш ёки фуқаролигини тиклашда давлат тилини оддий даражада, Конституция асосларини, шунингдек Қозоғистон тарихини билиш даражасини аниқлаш бўйича тест ўтказиш қоидалари тасдиқланди. Фуқароликка номзодлар учун тестга аризаларни қабул қилиш 3-10 февраль кунлари ўтказилади. Ариза бериш Миллий тест марказининг app.testcenter.kz сайтида ёки UTO иловаси орқали амалга оширилади. Тестнинг ўзи 11 февралда ўтказилади.

Тест 3 бўлимдан иборат:

— қозоқ тили бўйича тест (қозоқ тилида) — 30 топшириқ, ўтиш балли — 15;

— Қозоғистон Республикаси Конституциясининг асослари бўйича тест (қозоқ ёки рус тилида) — 40 топшириқ, ўтиш балли — 20;

— Қозоғистон тарихи бўйича тест (қозоқ ёки рус тилида) — 30 топшириқ, ўтиш балли — 15.

— Энг юқори балл — 100, ўтиш балли — 50. Тест вақти — 2 соат 10 минут. Имконияти чекланган (ногиронлиги бор) шахсларга тест топшириш учун қўшимча 30 минут берилади. Тестда қатнашиш нархи — 14 693 тенге.

Пиво маҳсулотлари маркировкаланади

Бугундан бошлаб пиво ва пиво маҳсулотларига мажбурий маркировкалаш жорий этилади. Белгилаш босқичма-босқич амалга оширилади. Хусусан, 2026 йил 1 февралдан бошлаб пиво қуйилган бочкаларда ва шишаларда ишлаб чиқариладиган пиволар маркировкаланади. 2027 йил 1 январдан бошлаб банкалардаги маҳсулотларга маркировкалаш жорий этилади.

Маҳсулотларни маркировкалаш истеъмолчиларни сохта ва контрафактдан ҳимоя қилиб, уларнинг сифати ва хавфсизлигига кафолат беради. Шунингдек, давлат сотиш занжирини кузатиб, бизнесга воситачилар сонини камайтиришни таклиф қилиб, ноқонуний тадбиркорларнинг ортиқча фойда олишига йўл қўймаслик ва маҳсулот нархини тартибга солиш имконини беради. Халқаро тажриба ҳам ушбу механизмни жорий этиш маҳсулотларни ишлаб чиқариш ёки импорт қилишдан бошлаб якуний сотиш ва айланишдан чиқаришгача бўлган ҳаётий циклини кузатишгагина эмас, балки бюджетга солиқ тушумларини оширишга имконият беришини кўрсатади.

юк ташиш
Коллаж: Canva

ЕОИИ ҳудуди орқали юк ташишлар янги усул билан назорат қилинади

1 февралдан бошлаб Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар ҳудуди орқали ўтадиган юк ташишлар янги усул билан назоратга олинади. Энди икки ёки ундан ортиқ мамлакат орқали ўтадиган товарлар махсус навигацион пломбалар орқали кузатилади. Пломбалар юк машиналари ва вагонларга ўрнатилади ва уларнинг ҳаракатини йўл давомида онлайн режимда кузатиш имконини беради. Тизим аввал автомобиль ва темир йўл транспортида ташиладиган товарларга жорий этилади. У божхона транзити, экспорт ва ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо вақтида қўлланилади.

Навигацион пломбани ўрнатиш ва ишга тушириш бор-йўғи 3–5 дақиқани олади, маълумотларни тизимга киритиш эса 5–7 дақиқада амалга оширилади. Бу юк ҳайдовчилари ва тадбиркорларни қўшимча вақт йўқотишдан ҳимоя қилади.

«Nur Joly» божхона пости раҳбари Мурат Ерденбековнинг айтишича, аввал юк машиналарига оддий механик пломбалар тақилган бўлса, энди улар ўрнига замонавий навигацион пломбалар қўлланила бошлайди.

— «Nur Joly» божхона постида бу тизим 2025 йилдан бери пилот лойиҳа сифатида синовдан ўтказилиб келмоқда. 2025 йил 2 апрелда илк навигацион пломбалар тақилиб, юк йўналишлари махсус тизим орқали аниқ вақт режимида кузатилди. Шу вақтгача 544 юк машинасига 1 075 навигацион пломба ўрнатилди, — деди божхона пости раҳбари.

Рамазон ойи
Фото: Pexels

Рамазон ойи бошланади

Қадрли Рамазон ойи 19 февралдан бошланиб, 19 мартгача давом этади. Лайлат-ул қадр 16 мартдан 17 мартга қараган кечага тўғри келади. Рамазон ҳайити байрами эса 20 мартда нишонланади. Эслатиб ўтиш жоизки, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг Шариат ва фатво бўлими Ҳижрий ойларнинг бошланишини халқаро астрономик тадқиқот марказларининг маълумотлари асосида амалга оширган. Шу муносабат билан фатво мутахассислари диний байрамларнинг аниқ кунлари янги ойнинг кўринишига боғлиқ равишда кўрсатилган вақтдан бир кун ортга сурилиши ёки олдинга силжиши мумкинлигини эслатиб ўтмоқда.

Муқаддас Рамазон ойида рўза тутишдан сайёҳлар, психик бузилишлари бор беморлар, қариялар, касалликдан азият чекаётган одамлар, ҳомиладорлик ва лактация давридаги аёллар озод қилинади.

Рамазон ойида рўза тутган ҳар бир мусулмон тана ва жон соғлиғини ўйлайди. Аммо, кўпчилиги саҳар ва ифтор менюсидаги ўзига хосликдан хабарсиз. Ойларнинг султонида рўза тутганлар соғлиққа зарар етказмайдиган тарзда тўғри овқатланиш йўлларини билишлари керак.

Қишки Олимпиада
Фото: Pexels

Қишки Олимпиада ўйинлари ўтади

6-22 февраль кунлари Италияда XXV қишки Олимпиада ўйинлари ўтади. Унда Қозоғистон терма жамоаси таркибида 36 спортчи иштирок этади.

Мамлакатда қуйидаги спорт турларидан лицензиялар мавжуд:

— фристайл-могул - 4 спортчи;

— фристайл-акробатика - Динмухаммед Райимқул, Шерзод Хаширбаев, Роман Иванов, Асан Асилхан, Аяна Жолдас;

— биатлон - 2 эркак, 2 аёл спортчи (борадиган спортчилар исми Миллий терма жамоа мураббийлар кенгашидан кейин аниқланади);

— тоғ чанғи спорти - Ростислав Хохлов, Александра Скороходова;

— чанғи иккикураши - 1 спортчи;

— чанғи пойгаси - 7 спортчи;

— чанғи билан трамплиндан сакраш - 2 спортчи

— конькида югуришдан 5 спортчи - Евгений Кошкин, Кристина Силаева, Елизавета Голубева, Надежда Морозова, Арина Ильященко.

— шорт-трекдан 4 спортчи - Абзал Әжғалиев, Денис Никиша, Ольга Тихонова, Яна Хан.

— фигурли учиш - Михаил Шайдоров, Софья Самоделкина.

Президент Давлат байроғини топширди
Фото: Ақорда

Эслатиб ўтамиз, 23 январда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон Республикасининг Давлат байроғини Миллий терма жамоа аъзолари Денис Никиша ва Аяулим Амреновага ва Қозоғистон паралимпиядия жамоаси аъзоси Ербол Хамитовга топширган эди.

Сўнгги хабарлар