ЖССТ раҳбари Ғазога тиббий ёрдамни тўсиқсиз етказишга чақирмоқда
ASTANА. Кazinform — Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус Ғазо секторига доимий, узлуксиз ва кучайтирилган тиббий ёрдам етказилишига чақирди, деб хабар беради Аnadolu агентлиги.
Гебрейесус Х платформасида (собиқ Twitter) очарчиликка дуч келган ва Исроил ҳужумидан азият чекаётган Ғазо секторидаги вазият юзасидан баёнот берди.
Унинг сўзларига кўра, 1 августдан буён ЖССТ Ғазога тиббий буюмлар ортилган 24 юк машинаси етказиб берган. Ушбу юк машиналарида асосий дори-дармонлар ва бошқа зарур тиббий буюмлар бўлиб, улар тиббиёт марказлари ва шифохоналарга тарқатилади.
— Биз тиббий ёрдамнинг барқарор, узлуксиз ва кучайтирилишини талаб қиламиз. Бу Ғазо бўйлаб одамлар ҳаётига бевосита таъсир қилади, — деди ЖССТ раҳбари.
Исроилнинг қаттиқ блокадаси остидаги Ғазо сектори гуманитар фалокатни бошидан кечирмоқда: очлик кенг тарқалган, ичимлик суви, дори-дармон, тиббий ва гигиена воситалари тақчил.
Очликдан ўлганлар сони, айниқса, болалар орасида ортиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғазо секторида ҳалок бўлганлар сони 60 мингдан ошиб кетгани ҳақида хабар берган эдик.