Жорий йил Японияда сакура гуллаш мавсуми даврида саёҳат арзонлашиши мумкин

Фото: Фото: pixabay.com

АSTANА. Kazinform — 2026 йилда Японияда сакура гуллаш мавсумига бориш туристлар учун олдинги йилларга нисбатан арзонроқ бўлиши мумкин, деб хабар беради Euronews.

Экспертларнинг айтишича, нархларнинг пасайишига Хитойдан келадиган туристлар сонининг камайиши ва иенанинг заифлашиши таъсир этган.

Япония Транспорт вазирлигининг маълумотларига кўра, 2026 йил январда Хитойдан келган туристлар сони ўтган йилга нисбатан тахминан 45 фоизга қисқарган. Хитой ҳаво йўллари компаниялари ҳам Японияга рейслар сонини камайтирган. Шунинг натижасида ҳаво чипталари ва меҳмонхона нархлари 2025 йилга нисбатан 10–20 фоизга пасайган. Бу айниқса Киото ва Осака каби машҳур шаҳарларда яққол сезилади.

— Иенанинг заифлашиши евро ва Британия фунти каби бошқа валюталарнинг сотиб олиш қобилиятини оширади. 2026 йилда Буюк Британиядан келадиган туристлар учун тур нархи умумий олганда бироз арзонлашди, — деди Intrepid Japan компанияси.

Сакура мавсуми анъанавий равишда март–апрель ойларига тўғри келади. Япония метеорологик корпорациясининг прогнозига кўра, Токиода сакуранинг гуллаши 20 мартда, Осакада — 24 мартда бошланади, Окинавада эса у январь–февраль ойларидаёқ кўрина бошлайди.

Шу билан бирга, туристлар янги йиғимлар ва солиқларни ҳам ҳисобга олишлари лозим. 2026 йил 1 мартдан бошлаб турар жойга оид йиғимлар ошади: бюджет меҳмонхоналарида бир тунга 200 иенадан (тахминан 1 евро) бошлаб, люкс тоифасидаги меҳмонхоналарда 10 000 иенага (56 евро)ча ва ундан юқори бўлиши мумкин. Шунингдек визавий йиғимлар ва халқаро чиқиш солиқларини ошириш режалаштирилмоқда.

Қўшимча харажатларга қарамай, экспертлар 2026 йилни туристик бозордаги рақобатнинг кучайиши туфайли сакура мавсумига якка ва пакет турлар орқали бориш учун энг мақбул йиллардан бири бўлиши мумкин, деб ҳисоблашмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Япония бош вазири парламентни тарқатиб юборди.