Тақдимот 2 ноябрь куни Тэджон шаҳридаги Корея фан ва технологиялар ахборот институтида бўлиб ўтди. Тадбирда илмий ҳамжамият, давлат тадқиқот марказлари ва технология компанияларининг 200 га яқин вакили иштирок этди.
Олтинчи авлод ҳисоблаш тизимини ишлаб чиқиш учун 382,5 миллиард вон (тахминан 276 миллион доллар) ажратилди. Янги суперкомпьютер 2018 йилда ишга туширилган Nurion тизимининг ўрнини босади.
Nurion 8 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда ва 1730 та илмий лойиҳани амалга ошириш учун ишлатилган. Унинг ёрдами билан олиб борилган тадқиқотлар натижасида олимлар 1520 та илмий мақола нашр этишди. Улардан 70 таси етакчи халқаро илмий журналларда чоп этилган.
Hangang тизимининг аввалги суперкомпьютердан асосий фарқи унинг маълумотларни қайта ишлаш ва сунъий интеллект вазифаларини бажариш имкониятларини кенгайтиришидир.
Янги суперкомпьютер 8496 та графика ва 9936 та марказий процессор блоклари билан жиҳозланган. Шунингдек, у юқори самарали Nvidia GH200 Grace Hopper чипларини ҳам ўз ичига олади.
Техник хусусиятлари жиҳатидан янги тизим аввалгисидан анча кучлироқ. Унинг назарий ҳисоблаш қуввати 24 баравар, маълумотларни сақлаш ҳажми 10 баравар ва ахборот алмашиш тармоғининг ишлаши тўрт баравар юқори.
Hangang суперкомпьютерининг максимал ҳисоблаш қуввати 614,7 петафлопсни ёки секундига 614,7 квадриллион операцияни ташкил этади. Жанубий Корея Фан ва АКТ вазирлиги янги тизим дунёдаги ТОР500 суперкомпьютерларининг энг яхши ўнталигига кириши ёки унга яқин бўлишини башорат қилмоқда.
Сунъий интеллект моделларини ўқитишдан ташқари, тизим об-ҳаво прогнози, йўл-транспорт ҳодисаларини моделлаштириш ва катта ҳисоблаш ресурсларини талаб қиладиган бошқа илмий тадқиқотларда қўлланилиши режалаштирилган.
Суперкомпьютер шунингдек, илғор сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда илмий ва технологик муаммоларни ҳал қилишга қаратилган K-Moonshot давлат дастурида иштирок этади.
Hangang тизимини синовдан ўтказиш октябрь ойи охирида бошланди. Унинг тўлиқ ҳисоблаш қувватига 16 декабрда кириш имкониятини тақдим этиш режалаштирилган.
KISTI президенти Ли Сик институт суперкомпьютерлардан фойдаланишда орттирилган тажрибадан янги тизимнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш ва тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш учун фойдаланишини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда NVIDIA технологиясига асосланган иккита суперкомпьютер кластери ишга туширилди.