Жанубий Африкада бир нечта автомобилнинг тўқнашуви оқибатида камида 21 киши ҳалок бўлди

ASTANA. Kazinform — Жанубий Африка Республикасининг Ғарбий Кейп провинциясида бир нечта автомобиль тўқнашиб, камида 21 киши ҳалок бўлди. Яна тўрт киши оғир жароҳат олди, деб хабар беради ABC News .

Photo credit: Xinhua

Йўл-транспорт ҳодисаси якшанбага ўтар кечаси Принс-Альберт ва Леу-Гамка шаҳарчалари ўртасида содир бўлган. Ушбу ҳудуд Кейптаундан тахминан 380 километр шарқда жойлашган.

Миллий йўл ҳаракати бошқарув корпорацияси (RTMC) маълумотларига кўра, ҳалокатда икки микроавтобус ва йўлтанламас автомобиль иштирок этган. Полиция вакили Кристофер Спайснинг айтишича, икки Toyota микроавтобуси юзма-юз тўқнашган, шундан сўнг уларга Suzuki йўлтанламас автомобили келиб урилган.

Photo credit: Xinhua

Ҳодиса жойида 18 киши ҳалок бўлгани аниқланган. Касалхонага олиб кетилган яна уч киши вафот этиб, қурбонлар сони 21 нафарга етган. Яна тўрт киши оғир жароҳатлар билан касалхонага етказилган.

RTMC қурбонлар сони яна ортиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Ҳозирда Ғарбий Кейп провинциясидаги тезкор хизматлар ва тегишли идоралар ҳодиса жойини кўздан кечирмоқда.

Ҳалокат содир бўлган ҳудудда №1 автомобиль йўли ёпилди. Полиция одамлар ўлимига олиб келган эҳтиётсизлик факти бўйича жиноий иш қўзғатди. Йўл-транспорт ҳодисасининг аниқ сабаби ҳозирча маълум эмас. Ҳодиса жойида RTMC терговчилари ҳам иш олиб бормоқда.

Ғарбий Кейп провинциясидаги мазкур ҳалокат дам олиш кунлари Жанубий Африкада содир бўлган, одамлар ўлимига олиб келган икки йирик йўл-транспорт ҳодисасидан бири бўлди. Ҳукумат маълумотларига кўра, икки ҳодиса оқибатида камида 29 киши ҳалок бўлган.

Иккинчи йўл-транспорт ҳодисаси якшанба куни эрталаб Мпумаланга провинциясидаги Эрмело шаҳри яқинида содир бўлиб, саккиз кишининг ҳаётига зомин бўлган.

Микроавтобуслар Жанубий Африкада миллионлаб одамлар учун жамоат транспортининг асосий тури ҳисобланади. Бироқ бундай транспорт воситалари иштирокида одамлар ўлимига олиб келадиган йўл-транспорт ҳодисалари тез-тез содир бўлиб туради. Январь ойида микроавтобуслар иштирокидаги икки алоҳида ҳодиса оқибатида камида 25 киши, жумладан 14 нафар бола ҳалок бўлган.