Жанаўзенда қуёш, шамол ва газ энергиясидан фойдаланадиган гибрид электр станцияси қурилади

ASTANA. Kazinform — Қозоғистон Республикаси энергетика вазири Ерлан Ақкенженов Италиянинг Қозоғистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Антонелло Де Риу билан учрашди. Учрашув давомида давлат раҳбарлари даражасида қабул қилинган қўшма ташаббусларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди ва келажакдаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Энергетика министрлігі

Вазирнинг сўзларига кўра, Италия Қозоғистон учун ишончли шерик бўлиб қолмоқда. Ҳозирда икки мамлакат ўртасидаги мулоқот аниқ саноат лойиҳаларига айланиб бормоқда.

Учрашувда ресурс базасини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2026 йил январь ойида QazaqGaz ва Eni компаниялари Каспий денгизи ҳавзасидаги “Каменковский” участкасини ўрганишнинг амалий босқичини бошладилар. Бундан ташқари, “Жанубий Шу-Сарису” ва “Береке” участкаларида ишлар давом этмоқда.

“Қашаған ва Қарашиғанақдаги ҳамкорликдан ташқари, нефть-кимё саноатини ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилмоқда. “Полиэтилен” лойиҳаси доирасида Италиянинг Maire Tecnimont компанияси бошчилигидаги консорциум полимерлаш қурилмаси ва газни ажратиш мажмуасида қурилиш-монтаж ишларини бошлади”, — дейилади хабарда.

Энергетик трансформацияси йўналиши бўйича Жанаўзенда Eni компанияси билан биргаликда 247 МВт қувватга эга гибрид электр станцияси қурилмоқда. Ушбу объект қуёш, шамол ва газ энергиясидан ягона тизимда фойдаланади. Дастлабки натижалар ҳам бор: 2025 йил сентябрь ойида 80 мингта қуёш панелли станция ишга туширилди ва тоза электр энергияси ишлаб чиқаришни бошлади. 2026 йил охирига келиб газ ва шамол қурилмалари ҳам ишга туширилади. Бу Манғистау вилоятидаги нефть ва газ иншоотларининг, жумладан, «Өзенмұнайгаз» ва “ҚазГӨЗ” корхоналарининг энергия хавфсизлигини таъминлайди.

Анъанавий энергетика соҳасида Ansaldo Energia билан ҳамкорлик доирасида Алмати ИЭС-3да янги газ турбиналари ўрнатилмоқда. Керакли ускуналар шу йилнинг январь ойида станция майдонига етказиб берилди.