Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистон фуқароларини нима учун отганлиги маълум бўлди
2022 йилнинг 5 май куни ўзбек-қирғиз давлат чегарасининг Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани, Оқтом қишлоғи ҳудудидан ўтган қисмида бир гуруҳ номаълум шахслар томонидан Ўзбекистондан Қирғизистонга ноқонуний равишда кўп миқдордаги товар-моддий бойликларини олиб ўтилаётгани ўзбек чегара нарядлари томонидан кузатилган ва ушбу қонунбузарликни олдини олиш бўйича чоралар кўрилган.
Қайд этилишича, чегара наряди томонидан давлат чегараси бузғунчиларини қўлга олиш вақтида, қоидабузарларнинг бир гуруҳи ҳарбий хизматчиларга нисбатан қаршилик кўрсатиб, куч ишлатиб, тан жароҳатлари етказган ва қуролларни олиб қўйишга ҳаракат қилган.
Ушбу ҳолатда ҳарбий хизматчилар қонунчиликда белгиланган тартибда қурол қўллашга мажбур бўлган. Натижада, 3 нафар шахслар яраланиб, уларнинг жиноий шериклари томонидан Қирғизистон ҳудудига олиб кетилган.
Ҳодиса тафсилотларини аниқлаш мақсадида, 5 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг ҳудуд бўйича чегара вакиллари ўртасида учрашув ўтказилган. Шунингдек, 6 май куни Фарғона водийси йўналиши бўйича ва Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти бўйича чегара вакилларининг учрашуви бўлиб ўтган.
Ҳозирда ҳар икки томон ҳолат бўйича текширувларни давом эттираётгани, чегарада вазият барқарор экани айтилади.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан 2022 йилнинг 6 май куни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 223-моддаси («Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистонга кириш») билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан олдин Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида уч нафар қирғизистонлик ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалгани эди.