Япониядаги зилзила қурбонлари сони 65 кишига етди

Фото: Фото: Euronews

Япония марказидаги зилзила қурбонлари сони 65 кишига етди. Буни ҳудудий ҳокимияти вакиллари эълон қилган маълумотлар тасдиқлайди. Бу ҳақда Kazinform агентлиги TASSга таяниб хабар беради.

100 дан ортиқ одам жароҳатланган.

Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг аксарияти давом этаётган зилзилалар эпицентрига айланган Исикава префектураси аҳолисидир.

Ўнлаб зилзилалар натижасида ёнғинлар бошланиб, 200 дан ортиқ турар-жой кулга айланган, 100 дан ортиқ объект зилзила натижасида вайрон бўлган.

Қутқарувчилар, фавқулодда хизматлар ва мамлакат Мудофаа кучлари вайроналарни тозалаб, одамларни қидирмоқда.

Жабрланган ҳудудларда эрталабдан бери тинимсиз ёмғир ёғмоқда.

Япония Вазирлар кабинети бош котиби Ёсимаса Хаяси журналистларга ҳозирда эвакуация марказларида 32,5 мингга яқин одам борлигини айтди.

Зилзиладан кейинги дастлабки кунларда Япониянинг марказий ва ғарбий қисмидаги 60 мингдан ортиқ аҳоли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди.

33 мингдан ортиқ уй электр таъминотисиз қолган, зарар кўрган ҳудудларда интернет ва мобил алоқа ёмонлашган. Айрим қишлоқларда сув таъминоти муаммоси юзага келган.

Аввалроқ Япониянинг марказий қисмида бир неча кучли зилзилалар қайд этилгани ҳақида хабар берган эдик.

Мамлакат Миллий метеорология бошқармаси маълумотларига кўра, Исикава ва Ниигата префектуралари ҳудудида 7,4 магнитудали зилзила содир бўлган.

Япония Бош вазири Фумио Кисида зилзиладан жабр кўрган ҳудудларга олиб борувчи асосий йўллар жиддий шикастлангани, ҳарбийларнинг қутқарув ишларига тўсқинлик қилаётганини айтди.

Кеча табиий офат оқибатида камида 55 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган эди. Исикава, Ниигата, Фукуи, Тояма ва Гифу префектураларига жиддий зарар етган.