Япония хорижликлар учун виза тўловини беш баравар оширди

ASTANA. Kazinform — Япония 1 июлдан бошлаб хориж фуқаролари учун виза тўловини беш бараварга, мамлакатдан чиқиш солиғини эса уч бараварга оширди. Бу чоралар ортиқча туризмнинг олдини олишга қаратилган, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири Kyodo News сайтига таяниб.

Фото: Kyodo News

Япония ҳукумати 1 июлдан бошлаб мамлакатдан чиқиш солиғини ҳар бир шахс учун 1000 иендан 3000 иенгача (тахминан 8 800 тенге) оширди.

Шунингдек, ушбу санадан бошлаб Японияга кириш учун виза талаб этиладиган хориж фуқаролари учун виза тўлови беш бараварга оширилди. Бир марталик виза қиймати 15 000 иенгача (тахминан 44 000 тенге), кўп марталик виза қиймати эса 30 000 иенгача (тахминан 88 000 тенге) кўтарилди. Шу билан бирга, мамлакатдан чиқиш солиғи оширилиши муносабати билан юзага келган молиявий юкламани камайтириш мақсадида Япония ҳукумати ўз фуқаролари учун паспорт расмийлаштириш қийматини пасайтирди.

Мамлакатдан чиқиш солиғи йўловчининг фуқаролигидан қатъи назар, авиа ва денгиз транспорти чипталарини харид қилиш пайтида ундирилади. Ушбу тўловдан фақат мамлакат ҳудудида 24 соатдан кам вақт бўладиган транзит йўловчилар ҳамда икки ёшга тўлмаган болалар озод қилинади.

Йиғилган маблағлар машҳур сайёҳлик масканларига тушаётган юкламани камайтиришга йўналтирилади. Хусусан, хорижлик сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган машҳур суратга олиш жойларида махсус ҳудудлар ташкил этилади.

Бундан ташқари, маблағлар ҳудудий туризмни ривожлантиришга ҳам йўналтирилади. Унинг доирасида темир йўл вокзаллари модернизация қилиниб, маҳаллий темир йўл тармоқлари сайёҳлик йўналишларига айлантирилади. Бу эса сайёҳларни туристлар кам борадиган ҳудудларга жалб этиш имконини беради.