Янги Зеландия Соғлиқни сақлаш вазири Кэйси Костеллонинг таъкидлашича, ноқонуний тамаки савдоси уюшган жиноятчилик билан чамбарчас боғлиқ. Бу яширин бозор нафақат қонуний бизнесга зарар етказади, балки давлат хазинасига тушадиган солиқ тушумларини ҳам камайтиради.
Вазирнинг сўзларига кўра, амалдаги қонунчилик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ноқонуний савдога қарши курашиш учун етарли имконият бермаяпти.
Тамаки маҳсулотлари қадоғига қўйиладиган талабларни бузганлик учун 2 минг Янги Зеландия доллари (тахминан 500 минг тенге) миқдорида жарима жорий этиш таклиф қилиняпти. Ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва дистрибьюторлар учун жариманинг энг юқори миқдори 200 минг долларга (тахминан 5 миллион тенге) етиши мумкин. Қадоқлаш талабларини қасддан бузганлик учун эса амалдаги 50 минг доллар ўрнига 100 минг доллар миқдорида жарима солиш кўзда тутилган.
Шунингдек, божхона ва акциз қонунчилигига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасида тамаки контрабандаси ҳамда тамаки маҳсулотларига солинадиган махсус солиқни тўлашдан бўйин товлаганлик учун озодликдан маҳрум қилишнинг энг юқори муддатини олти ойдан етти йилгача узайтириш таклиф этилмоқда.
Янги жарималар ва ҳуқуқбузарликларга оид талаблар қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритилганидан сўнг кучга киради.
Костеллонинг айтишича, ўзгартишлар тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига қарши курашда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Божхона хизмати ва полициянинг ҳамкорликдаги ишини кучайтиради.