Вазир янги ўқув йили мамлакатимиз учун муҳим тарихий даврда бошланаётганини таъкидлади. Кучга кирган янги Конституция инсон капитали, таълим, илм-фан ва инновацияни ривожлантиришни давлатнинг стратегик устувор йўналиши сифатида белгилаб берди.
“Унинг асосида инсон, унинг ҳуқуқ ва масъулияти, қонун ва тартиб, ҳалол меҳнат ҳамда мамлакат келажаги учун масъулият турибди. Ушбу тамойилларни фарзандларимизнинг кундалик ҳаёт маданиятига айлантириш — таълим тизимининг асосий вазифаси. Биз чуқур билимли, меҳнатсевар, қонунга риоя қиладиган, давлат ва жамият олдидаги масъулиятини теран ҳис қиладиган фуқароларни тарбиялашимиз керак”, — деди Ж. Сулейменова.
Президент қўллаб-қувватлаши билан амалга оширилган фундаментал ислоҳотлар туфайли таълим соҳасида ҳал этилган аниқ ва комплекс масалалар мамлакатда инсон капиталини ривожлантириш учун асос бўлмоқда.
“Шаҳар ва қишлоқ мактаблари ўртасидаги тафовутни камайтиришга қаратилган «Келажак мактаблари» миллий лойиҳаси амалга оширилди, таълим сифати ошиб бормоқда, педагогларни қўллаб-қувватлаш ва инклюзив таълимни ривожлантириш ишлари давом этмоқда. TALIS халқаро тадқиқоти натижаларига кўра, бугунги кунда педагоглар юқори натижаларга эришмоқда. Шунинг учун, аввало, таълим соҳасига кўрсатаётган доимий қўллаб-қувватловингиз, устозларимиз ва ўқувчиларимизга кўрсатаётган улкан ғамхўрлигингиз учун педагоглар ҳамжамияти номидан самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз”, — деди Таълим-маориф вазири.
Эслатиб ўтамиз, пойтахтда Президент Қасим-Жомарт Тоқаев иштирокида ўқитувчиларнинг август конференциясининг пленар мажлиси бошлангани ҳақида хабар берган эдик.