ЯИМ, инфляция, миллий жамғарма, бюджет: Ҳукуматнинг 2026-2028 йилларга мўлжалланган иқтисодий прогнози
ASTANА. Кazinform — Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жуманғарин 2026-2028 йилларга мўлжалланган мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш прогнозини тақдим этди.
— Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш прогнози базавий сценарийга асосланади. Базавий сценарийга кўра, 2026 йилда ЯИМнинг реал ўсиши — 5,4%, 3 йил давомида ўртача йиллик ўсиш эса 5,3% бўлиши кутилмоқда. Номинал ЯИМ 2026 йилдаги 183,8 триллион тенгедан 2028 йилда 229,8 триллион тенгегача ўсади. Иқтисодий ўсиш реал сектор ва хизматларнинг ўсиши ҳисобига таъминланади. Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига ишлаб чиқариш саноатида ўсиш суръати 2026 йилдаги 6,2% дан 2028 йилда 6,6% га ошиши кутилмоқда, — деди Серик Жуманғарин Ҳукумат йиғилишида.
Бош вазир ўринбосари тақдим этган маълумотларга кўра, уч йил давомида тоғ-кон саноатида ўртача ўсиш — 2,8%, қишлоқ хўжалигида — 3,9%, қурилишда — 11,0%, транспорт хизматларида — 10,1%, савдода 6,7% ни ташкил этади. Унга кўра, ижобий савдо баланси сақланиб қолади.
— Экспорт ҳажми 2026 йилдаги 77,1 миллиард АҚШ долларидан 2028 йилда 83,7 миллиард АҚШ долларига, импорт 67,7 миллиард доллардан 75,2 миллиард АҚШ долларига ўсиши кутилмоқда. Инфляция 2026 йилда 10,0% дан ошмаслиги, 2027 ва 2028 йилларда эса 6,0% даражасида бўлиши кутилмоқда. Макропрогноз асосида 2026–2028 йилларга мўлжалланган бюджет параметрлари прогнози шакллантирилди. Республика бюджети даромадлари 2026 йилда — 19,2 триллион тенге, 2027 йилда — 21,2 триллион тенге, 2028 йилда 23,2 триллион тенге бўлиши кутилмоқда, — деди у.
Вазир, шунингдек, Миллий фонддан кафолатланган трансферт бюджет тамойилини ҳисобга олган ҳолда ҳар йили 2 770 миллиард тенге миқдорида белгиланишини айтди. Бюджет тақчиллиги 2026 йилда ЯИМга нисбатан 2,5%, 2028 йилда эса ЯИМнинг 0,9 фоизигача камайиши белгиланган.
— Нонефть тақчиллиги ЯИМга нисбатан 4,9% дан 2,7% гача камаяди. Шуни ҳисобга олган ҳолда, республика бюджети харажатлари 2026 йилда — 27,7 триллион тенге, 2027 йилда — 28,8 триллион тенге, 2028 йилда 29,8 триллион тенгени ташкил этади. Бюджетнинг даромадлар ва харажатлар бўйича ўзини-ўзи таъминлаши қўшимча мақсадли маблағлар ҳисобидан амалга оширилади. Миллий жамғарманинг соф валюта активлари 2026 йилдаги 60,8 миллиард доллардан 2028 йилда 68,6 миллиард долларгача ошиши кутилмоқда, — дея қўшимча қилди С.Жуманғарин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳукумат маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлашни кенгайтириши ҳақида хабар берган эдик.