2027 йилнинг 2 августида тўлиқ қуёш тутилиши рўй беради. Астрономларнинг таъкидлашича, бу XXI асрда Ерда кузатилиши мумкин бўлган энг узоқ қуёш тутилиши бўлади. Ой Қуёшни тўлиқ тўсиб, осмон 6 дақиқа 22 сониягача қоронғиликка чўмиб туради. Солиштириш учун, 2024 йил апрелида кузатилган тўлиқ тутилиш энг кўпи 4 дақиқа 28 сониягача давом этган эди.
2027 йилдаги қуёш тутилиши 258 километрлик ингичка йўлак бўйлаб ўтади ва у 11 давлат ҳудудини қамраб олади: Испания, Гибралтар, Марокаш, Алжир, Тунис, Ливия, Миср, Судан, Саудия Арабистони, Яман ва Сомали.
Қисман тутилиш фазасини Африка, Жанубий Осиё ва Европанинг кўплаб ҳудудларидан кузатиш мумкин бўлади. Бошқа минтақаларда эса сезиларли ўзгариш кузатилмайди.
Мутахассислар ушбу ноёб ҳодисани томоша қилишни истаганларга олдиндан кузатиш учун қулай жой танлаб, об-ҳаво шароитини диққат билан кузатишни тавсия этмоқда.