Volkswagen қисқартиришлар сабаб SEAT маркасидан воз кечиши мумкин

ASTANA. Kazinform — Volkswagen концернининг қайта тузилиш режаси доирасида испанларнинг SEAT автомобиль бренди ишлаб чиқарилиши 2029 йилга келиб тўхтатилиши мумкин. Бу ҳақда Confidencial нашри концерн раҳбариятига яқин манбаларга таяниб хабар берди, деб ёзади DW .

Фото: Wesat/DW

Испания ҳукумати SEAT брендини сақлаб қолиш учун барча имкониятларни ишга солишини маълум қилди. Биринчи бош вазир ўринбосари Карлос Куэрпо брендни бир вақтлар мамлакат тараққиёти ва фаровонлигининг рамзига айланган марка деб атади.

Мутахассисларнинг фикрича, Volkswagen концернининг қайта тузилишига жаҳон автомобиль бозорида рақобатнинг кучайиши, харажатларни қисқартириш, янги технологияларга инвестиция киритиш ҳамда истиқболи паст бўлган моделлардан воз кечиш зарурати сабаб бўлган.

Испанияда Volkswagen учун Cupra бренди истиқболлироқ деб ҳисобланмоқда. 2018 йилда пайдо бўлган Cupra аллақачон жаҳон бозорида машҳурликка эриша бошлаган. 1950 йилдан бери ишлаб чиқарилаётган SEAT автомобилларига эса асосан Испаниянинг ўзида талаб юқори.

Cupra испан Volkswagen бўлинмасининг асосий даромад манбаси ҳисобланади. Компаниянинг мамлакатда иккита заводи бор. Каталония минтақасидаги корхонада 15 минг киши ишлайди. Бу Испаниядаги энг йирик саноат корхоналаридан биридир. Памплонадаги заводда эса 4 870 нафар ходим меҳнат қилади.

Эксперт Карлос Гарсия Рамоснинг айтишича, қайта тузилиш асосан ишлаб чиқариладиган моделлар сонига таъсир қилади. Шу боис иш ўринлари сақланиб қолиши мумкин.

Бироқ Volkswagen режаси ҳақидаги маълумотлар тарқалганидан кейин SEAT автомобилларининг савдоси пасая бошлаган. Испания ҳукуматининг брендни сақлаб қолишга интилиши ижобий баҳоланган бўлса-да, экспертлар Германия концернининг қарорларига Мадриднинг таъсири чекланганини таъкидламоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Volkswagen Германиядаги тўртта заводини босқичма-босқич ёпишни режалаштираётгани ҳақида ёзган эдик.