Нашр маълумотларига кўра, Эмден ва Цвиккаудаги автомобиль ишлаб чиқариш корхоналари 2031 йилда, Ганновердаги завод 2032 йилда, Неккарзульмдаги завод эса 2034 йилда фаолиятини тўхтатиши керак.
WirtschaftsWoche қўлига киритган «2026 йил 3-4 сентябрдаги кузатув кенгашининг концептуал қарори тўғрисидаги ҳисобот» шу ҳафта охирида назорат органи томонидан қабул қилинадиган якуний қарор учун асос бўлади. Ҳужжатда Volkswagen дуч келаётган мураккаб вазият тасвирланган.
“Амалдаги бизнес-моделлар ва тузилмалар Volkswagen концернининг узоқ муддатли рақобатбардошлиги ҳамда рентабеллигини таъминлаш учун энди етарли эмас”, – дейилади ҳужжатда.
Шунингдек, Volkswagen AG рейтингини ҳамда капитал жалб этиш ва қайта молиялаштириш билан боғлиқ харажатларни барқарорлаштириш зарурлиги таъкидланган. Шу муносабат билан концерн бошқаруви кузатув кенгашига кенг кўламли ва тубдан қайта тузиш режасини тасдиқлашни таклиф қилмоқчи.
Ишлаб чиқаришни харажатлари паст бўлган Чехия, Словакия ва Польшадаги корхоналарга кўчирилиши режалаштирилмоқда.
Нашр маълумотларига кўра, агар Германиядаги заводлар 2027 йил ёзига қадар битта автомобиль ишлаб чиқариш харажатини ҳозирги 6490 евродан Европадаги ўртача 2832 еврогача камайтира олса, улар ёпилмаслиги мумкин. Бироқ экспертлар бундай кўрсаткичга эришишни реал эмас, деб ҳисобламоқда.
Бундан аввал Volkswagen раҳбари Оливер Блюме қаттиқ тежамкорлик чоралари доирасида концерннинг раҳбарлик лавозимларининг тўртдан бир қисмини қисқартириш режалаштирилаётганини маълум қилган эди. Баҳорда у янги стратегия ишлаб чиқилаётганини ва харажатларни камайтириш сиёсати сезиларли даражада кучайтирилишини айтган.
Шундан бери ўн минглаб иш ўринлари ва тўртта заводнинг келажаги муҳокама қилинмоқда. Блюме аввал айтилган 50 минг нафар ходимни қисқартириш кўрсаткичини «мақсад» эмас, балки харажатларни оптималлаштиришдан келиб чиқадиган «назарий ҳисоб-китоб кўрсаткичи» деб атаган. Уларнинг тахминан ярми Германияга, қолган қисми эса концерннинг дунё бўйлаб 170 га яқин бўлинмасига тўғри келиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Volkswagen раҳбари дунё бўйлаб 50 минггача иш ўрни қисқартирилишини маълум қилган эди.