Куни кеча Қирчинда «Кўчманчилар коиноти» этномаданий шаҳарчасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир ҳудудлар иштирокидаги «Бирлик карвони» театрлаштирилган намойиши билан бирга ўтказилди.
Кенг кўламли этношаҳарча 15 та ўтов шаҳарчасига жойлаштирилган қарийб 500 та ўтовни ўз ичига олади. Уларда Қирғизистон ҳудудлари ва турли этномаданий йўналишлар намойиш этилган. Майдон бир кунда 100 минггача ташриф буюрувчини қабул қилишга мўлжалланган.
Мажмуа ҳудудида этнобозор — амалий-безак санъати буюмларининг улкан ярмаркаси фаолият юритмоқда. Бу ерда қирғиз ҳунармандларидан бевосита гиламлар, ширдақлар, намат буюмлари, миллий кийимлар, бош кийимлар, сумкалар, аксессуарлар ва қўлда ясалган совғаларни харид қилиш мумкин.
Ҳунармандчилик расталари ёнида миллий таомлар ҳудуди ҳам ташкил этилган. У ерда Қирғизистоннинг барча етти вилоятидан келган ошпазлар, шунингдек, хорижий делегациялар кўчманчи халқларнинг анъанавий таомларини улкан қозонларда очиқ ҳавода, ташриф буюрувчилар кўз ўнгида тайёрламоқда.
Ташкилотчилар маълумотига кўра, Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари якунланганидан сўнг «Кўчманчилар коиноти» маданий ва халқаро тадбирлар учун доимий майдон сифатида фойдаланилиши режалаштирилмоқда. Бу ерда меҳмонларни кўчманчи халқларнинг тарихи, анъаналари ва маданиятининг замонавий ривожи билан таништириш давом эттирилади.
Эслатиб ўтамиз, VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг асосий спорт, маданий ва илмий дастури 2 сентябрдан 6 сентябрга қадар Иссиқкўл вилоятининг Чўлпон-Ота шаҳри ва Қирчин дарасида ўтказилиши хабар берилган эди.
Қирғизистонда VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига чипталар нархи қанча экани ва қайси тадбирлар бепул бўлиши ҳақида — бу ерда ўқинг.
VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида қарийб 3 минг нафар спортчи иштирок этяпти. Қозоғистон номидан мусобақаларда 150 нафардан ортиқ спортчи қатнашяпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон терма жамоаси аудариспақ бўйича дастлабки иккита олтин медални қўлга киритгани ҳақида хабар берган эдик.