VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари: биринчи кун натижалари қандай

ASTANA. Kazinform — VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари Қирғиз Республикасида 31 августдан 6 сентябрга қадар ўтказилади. Қозоғистон терма жамоаси мусобақа регламентида белгиланган 42 та спорт тури бўйича 152 нафар спортчи билан иштирок этади.

Фото: Кабар

ҚР Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, ўйинларнинг очилиш маросимида Қозоғистон Республикасининг давлат байроғини кўпкари бўйича жаҳон чемпиони, жамоа сардори Тўрғанбек Қурманбек кўтариб чиқди.

Мусобақанинг биринчи кунида Қозоғистон терма жамоаси ордо (ошиқ отиш), тогуз коргоол (тўққизқумалоқ), кураш, гореш ва монгол бох спорт турлари бўйича баҳсларда иштирок этди.

Тўққизқумалоқчилар 6 сентябрга қадар ўйнайди. Ошиқчиларнинг финал баҳслари эса 2 сентябрга режалаштирилган. Кураш бўйича беллашган Жарилғапов Нурдаулет эронлик полвонга мағлуб бўлди.

Монгол бох бўйича Амалгелди Ерасил ва гореш бўйича иштирок этган Абдрахманов Мадияр ҳам рақибларига мағлуб бўлди. Ушбу учта кураш тури бўйича мусобақалар якунланди.

Эртага, 2 сентябрда, кўпкари, кўкбўри, эр эниш (аудариспақ), овари, мангала, тогуз коргоол (тўққизқумалоқ), от марафони, ордо, қушбегилик, жамби отиш, анъанавий камондан ўқ отиш, таёқ тортиш, арқон тортиш, сумо, стронгмэн ва умуртқа синдириш бўйича мусобақалар ўтказилади.

Бундан аввал бугун Чўлпон-Ота шаҳрида VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари доирасида ўтказиладиган кўкбўри ва кўпкари турнирларида иштирок этадиган жамоалар ўртасида қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.