Ҳукуматнинг туризмни иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айлантиришга қаратилган дастурида устуворлик нафақат сайёҳлар сонини оширишга, балки хизматлар сифатини, самарадорликни, барқарорликни ва қўшилган қийматни оширишга ҳам берилади.
2030 йилга қадар туризмнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини 10-12 фоизга етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, Вьетнам Жануби-Шарқий Осиёда туризм ҳажми ва ўсиш суръати бўйича энг яхши учликка киришни мақсад қилмоқда.
Ҳукумат кўпроқ маблағ сарфлайдиган сайёҳларни жалб этиш ва уларнинг мамлакатда узоқроқ қолишига устувор аҳамият беради. Шу мақсадда маданий туризм, йирик туристик-кўнгилочар мажмуалар, денгиз ва орол туризми, дарё ва соҳил йўналишлари, тиббий ва соғломлаштириш туризми, шунингдек, гастрономик туризм ривожлантирилади.
2026-2035 йилларга мўлжалланган Миллий туризмни тарғиб қилиш дастури туризмни маданий дипломатия, миллий таомлар, кино, санъат, спорт, фестиваллар ва халқаро тадбирлар билан боғлаган ҳолда тарғиб қилишни назарда тутади. Шунингдек, Вьетнам хорижий бозорларда рақамли платформалар ва янги медиадан фаол фойдаланмоқчи.
2035 йилга қадар миллий туристик брендни ривожлантириш ташаббуси Вьетнамни тарихий мероси, миллий таомлари, соҳиллари, маданияти ва турмуш тарзи билан машҳур, хавфсиз ҳамда сифатли туристик йўналиш сифатида танитишни мақсад қилган.
Бундан ташқари, мамлакатда рақамлаштириш, яшил туризм ва илм-фан ҳамда технологияларни жорий этиш орқали туризмни бошқариш тизими модернизация қилинади. Вьетнам «ақлли» туристик йўналишларни ривожлантириш, экологик тоза транспорт ва энергиядан фойдаланиш, шунингдек, айланма иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш режаларини амалга оширмоқчи.