Метеорология хизматининг маълумотига кўра, бундан аввалги рекорд 1935 йилда қайд этилган бўлиб, ўшанда ҳаво ҳарорати 39,9 даражага етган эди. Расмийлар ҳафта бошида ҳаво ҳарорати 42 даражагача кўтарилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Агар бу прогноз тасдиқланса, мамлакат метеокузатувлари тарихидаги мутлақ ҳарорат рекорди янгиланади.
Жазирама иссиқ сабабли HungaroMet ҳаво хавфи бўйича энг юқори — учинчи даражали огоҳлантириш эълон қилди. Ҳукумат давлат муассасалари ва компанияларга ходимларни масофадан ишлаш тартибига ўтказишни тавсия қилди. Иш жойида бўлиши шарт бўлган ходимлар учун эса биноларни кондиционерлар билан жиҳозлаш ва ичимлик суви билан таъминлаш топширилди.
Шунингдек, ҳарбий хизматчилар, маҳаллий ҳокимият ва хайрия ташкилотлари жамоат жойларида аҳолига ичимлик суви тарқатмоқда.
Жазирама иссиқ туфайли тез ёрдам чақирувлари сони 8 фоизга ошди. Бир неча киши кун уриши оқибатида шифохонага ётқизилди. Бироқ ҳозирча мамлакатда йирик фавқулодда ҳодисалар қайд этилмаган.