25 июнга ўтар кечаси Венесуэлада содир бўлган икки зилзила натижасида ҳалок бўлганлар сони 2295 нафарга етди. Бу ҳақда мамлакат Миллий ассамблеяси раиси Хорхе Родригес маълум қилди. Шунингдек, айни вақтда 11 267 нафар жароҳат олганлар ва қарийб 13 минг нафар бошпанасиз қолгани маълум.
БМТ эса тахминан 50 минг киши бедарак йўқолган деб ҳисобламоқда. Родригеснинг сўзларига кўра, уларнинг қарийб 30 минг нафари энг кўп зарар кўрган Ла-Гуайра шаҳрининг порт ҳудудида бўлган. Унинг таъкидлашича, қутқарувчилар вайроналар орасидан қарийб 6,5 минг кишини тирик қутқариб олган. Бироқ сиёсатчининг фикрича, тирик қолганлар сони 20 минг нафаргача етиши мумкин, чунки кўпчилик мустақил равишда ёки яқинлари ёрдамида қутулиб чиққан.
Мамлакатда етти кунлик мотам эълон қилинди
1 июлда Венесуэла президенти вазифасини бажарувчи Делси Родригес зилзила қурбонлари хотирасига мамлакат бўйлаб етти кунлик миллий мотам эълон қилди. Мотам ўша куни маҳаллий вақт билан соат 18:00 дан бошланди.
“Венесуэла қалби вайронкор зилзилалар оқибатида ҳалок бўлган инсонлар учун қайғуга тўлди. Бугун биз яқинларидан айрилган оилаларнинг дардига шерикмиз ва жароҳатланганлар, бедарак йўқолганлар ҳамда жабрланган жамоалар ҳақида дуо қиламиз”, — деб ёзди Родригес X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, 24 июнда Венесуэланинг шимолида, мамлакат пойтахти Каракаснинг ғарбида, атиги 39 сония фарқ билан магнитудаси 7,2 ва 7,5 бўлган икки кучли зилзила содир бўлди. Бу сўнгги 125 йил ичида мамлакатда қайд этилган энг кучли зилзилалар бўлди. Улардан кейин ўнлаб афтершоклар кузатилди.
Зилзилалар оқибатида кўплаб турар жойлар вайрон бўлди. Айниқса, мамлакатнинг халқаро аэропорти ва энг йирик денгиз порти жойлашган Ла-Гуайра штати қаттиқ зарар кўрди. Зилзила муносабати билан мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди.