Ўзбекистонда сентябрь ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,6 % га ошган

Фото: Фото: Миллий статистика қўмитаси

TASHKENT. Kazinform — Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг сентябрь ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,6 % га ошган.

Йиллик истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 108,0 % ни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу ойига (2024 йил сентябрь — 110,5 %) нисбатан 2,5 фоиз бандга пасайди.

Сентябрь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 0,9 % га, ноозиқ-овқат товарлари 0,3 % га ҳамда аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар эса 0,3 % га қимматлашгани кузатилган.

Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан помидорнинг (16,9 %), булғор қалампири (10,4 %), сабзи (7,7 %), тухум (6,5 %), тарвуз (5,6 %), қовун (5,5 %), суяксиз мол гўшти (1,8 %), суякли мол гўшти (1,7 %), қўй гўшти (1,5 %), парранда гўшти (товуқ болдиридан ташқари) (1,2 %), товуқ болдири ва сон қисмлари (1,1 %), ўсимлик ёғлари (0,6 %), шакар (0,7 %) нархларининг ошиши инфляцияга асосий таъсир кўрсатди.

Шунингдек, ноозиқ-овқат маҳсулотлардан бензин (1,4 %), цемент (2,9 %) ва қимматбаҳо металлардан ясалган никоҳ узуклари (2,9 %), ҳамда хизматлар йўналишида музейларнинг хизматлари (8,7 %) ва ҳайдовчиликка тайёрлаш бўйича курслари (5,0 %) нархлари қимматлашгани инфляцияга ошишига асосий омил бўлиб хизмат қилди.

Ҳисоб-китоблар учун 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида 190 мингга яқин нархлар қайд этилган. 420 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва 90 турдаги хизматлар нархлари кузатилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда бўёқлар ва лаклар ишлаб чиқариш ҳажми 31,5 тоннага ошган.

.