Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Инсон қадр-қимматини оширишга қаратилган миллий дастурларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжатда 2027-2031 йилларга мўлжалланган еттита миллий дастур ва уларни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режалари тасдиқланди.
Дастурлардан бири билим ва кўникмаларни мамлакатнинг асосий ривожланиш капиталига айлантиришга қаратилган. Унга кўра, 2027 йилдан бошлаб 6 ёшли болаларни умумий таълим мактаблари учун мажбурий тайёргарлик дастурлари билан 100% қамраб олиш таъминланиши керак.
Шу мақсадда 2026 йил декабрь ойига қадар ҳудудий эҳтиёжлар баҳоланади ва зарур ўқитувчилар ва жиҳозлар сони аниқланади. 2027-2028 йилларда бепул тайёргарлик гуруҳлари ташкил этиладиган бинолар мебель ва бошқа зарур ўқув материаллари билан жиҳозланади.
Бундан ташқари, Осиё тараққиёт банки кўмагида Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида давлат-хусусий шериклик асосида 500 та мактабгача таълим муассасасини яратиш режалаштирилган. Ҳар йили камида 100 та болалар боғчаси қурилади ёки таъмирланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда кредит рекламаларида молиявий хатарлар ҳақида огоҳлантириш бериш қонун билан белгиланди.