Ўзбекистон KOICA билан 8,49 млн АҚШ долларига тенг лойиҳа имзоланди

TASHKENT. Kazinform - Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ўртасида умумий қиймати 8,49 миллион АҚШ долларига тенг йирик лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувга эришилди, деб ёзади ЎзА .

Фото: ЎзА

Ҳужжатни агентлик директори Баҳодир Абдикаримов ва KOICA нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Шин Мюн Соп имзолади.

“Ўзбекистонда маданий меросни рақамли интеграциялашган бошқаруви ва ундан фойдаланиш” деб номланган ушбу лойиҳа 2025-2028 йилларда амалга оширилади. Лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, KOICA экспертлар гуруҳи ва унинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси иштирок этади.

Лойиҳанинг асосий мақсадлари:

  • Маданий меросни бошқаришнинг ўрта ва узоқ муддатли стратегик режасини ишлаб чиқиш;
  • Маданий мерос объектларининг рақамли маълумотлар базасини яратиш;
  • Объектни бошқариш учун махсус платформани ишлаб чиқиш;
  • Соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш;
  • Зарур замонавий ускуналар сотиб олиш;
  • Маданий мерос ҳақидаги рақамли туризм учун ахборот контентини тайёрлаш.

Лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши икки давлат ўртасидаги дўстлик ва шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлайди, маданий меросни асраб-авайлаш ва тарғиб этишда янги қадам бўлади.

Ҳужжатларни имзолаш маросимида мазкур ташаббус Ўзбекистон билан Корея ўртасидаги тарихий-маданий алоқаларни чуқурлаштиришда алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланди.