Жаҳон иқтисодиёти ва глобал капитал харитаси кескин ўзгариб бораётган, савдо зиддиятлари кучайиб бораётган ҳозирги шароитда инвесторлар учун ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинадиган, иқтисодиёти тез суръатларда ўсиб бораётган ва кенг имкониятлар мавжуд бўлган давлатларга сармоя киритиш табиий жараён сифатида баҳоланмоқда.
Шу сабабли, Янги Ўзбекистонда инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Маълум қилинишича, ўтган йили ялпи ички маҳсулот 7,7 фоизга ўсган, иқтисодиётга 43 миллиард доллар инвестиция жалб этилган. Миллий валютанинг барқарорлиги таъминланган, халқаро захиралар ҳажми эса 70 миллиард доллардан ошган.
Президентнинг қайд этишича, аввалги форумларда 2026 йил якунига қадар Ўзбекистон ЯИМини 100 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган эди. Бироқ жадал иқтисодий ўсиш натижасида бу кўрсаткич жорий йилдаёқ 180 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, мамлакатнинг халқаро кредит рейтинги йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда.
Жорий йилда Ўзбекистон нуфузли «Иқтисодий эркинлик индекси»да 14 поғонага кўтарилиб, илк бор «иқтисодиёти мўътадил эркин» давлатлар қаторига кирган.
Буларнинг барчаси Ўзбекистон иқтисодиёти янги суръат ва янги имкониятлар босқичига чиқиб бораётганини кўрсатувчи муҳим омиллар сифатида қайд этилмоқда.