Президент транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш устувор вазифалардан бири эканини таъкидлади.
“Туркий дунёни ўзаро боғлашда Транскаспий халқаро транспорт йўналиши алоҳида ўрин тутади. Жорий йилнинг дастлабки 9 ойида Ўрта йўлак орқали ташилган юк ҳажми 30 фоизга ошди. Жумладан, транзит ташувлари ҳажми 90 фоизга кўпайди. Қозоғистоннинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар билан темир йўл орқали юк ташиш ҳажми 10 фоизга ошиб, 40 миллион тоннага яқинлашди. Автомобиль транспорти орқали ташилган юклар ҳажми ҳам 20 фоизга кўпайиб, 6,5 миллион тоннага етди.
Шу муносабат билан Қозоғистоннинг транзит салоҳиятини янада ошириш мақсадида мамлакатимизда устувор йўналиш сифатида махсус дастурни амалга оширишга қарор қилдик. Умуман олганда, мамлакатимиз учун Ўрта йўлак бўйлаб логистика инфратузилмаси ва денгиз портларини модернизация қилиш ишларининг аҳамияти ўзгармайди.
Бироқ бошқа транспорт-логистика йўналишлари, яъни Шимол — Жануб коридори, «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси ва бошқа йўналишлар ҳам Қозоғистон учун жуда фойдали ва самарали бўлиб қолади”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қасим-Жомарт Тоқаев Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммитида иштирок этиш учун Анқарадаги Президент мажмуасининг Кўргазмалар марказига ташриф буюргани ҳақида хабар берилган эди.