Ўрта таълим тизимида СИ: вазирлик комплекс режа ишлаб чиқади

ASTANА. Кazinform – Бугун Ҳкумат йиғилишида Қозоғистон Республикаси Таълим-маориф вазирлиги ўрта таълим соҳасига сунъий интеллектни жорий этиш жараёни ҳақида изоҳ берди.

Фото: ortcom.kz

— 12 май куни Давлат раҳбари таълим тизимига сунъий интеллектни жорий этиш тўғрисидаги Фармонни имзолади. Бу йўналишда ишлар қандай олиб борилмоқда? — деб сўради Бош вазир Олжас Бектенов.

Ўз навбатида, ҚР Таълим-маориф вазири Жулдиз Сулейменова вазирлик юқорида айтиб ўтилган Фармонни амалга ошириш бўйича тизимли ишларни бошлаганини айтди.

— Биринчидан, комплекс режа ишлаб чиқилмоқда. Ушбу режа белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Ҳукуматга тақдим этилади. Ушбу ҳужжатда барча мактабларнинг интернет ва инфратузилмасини ривожлантириш, ўқитувчиларнинг касбий малакасини ошириш, шунингдек, таълим жараёнига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш билан боғлиқ асосий методологик ва когнитив соҳалар кўриб чиқилади. Бугунги кунда пилот лойиҳаси учун 500 та мактабни танлаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бизда 250 та кичик мактаб, 100 та "Келажак" мактаби ва 150 та умумий таълим қишлоқ ва шаҳар мактабларини қамраб олиш бўйича таклиф бор, — деди вазир.

Шу муносабат билан у қишлоқ ва шаҳар мактаблари ўртасидаги таълим сифатидаги тафовут масаласи сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали ҳал қилинаётганини таъкидлади.

Ж.Сулейменованинг сўзларига кўра, Фармон доирасида ўқитувчиларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

— Бундан ташқари, биз ўқувчиларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилишга эътибор қаратмоқдамиз. Бу борадаги буйруқларимиз қонун лойиҳасига мувофиқ кучайтирилмоқда. Шу билан бирга, жавобгарлик ва маълумотларни ҳимоя қилиш масаласи кенг кўриб чиқилмоқда, — деди вазир.

Эслатиб ўтамиз, Президент Таълим-маориф вазирига Qazaq Digital mektebi лойиҳасини амалга оширишни топширди.