Ўрта коридорнинг ривожланиши Қозоғистон ва Европа Иттифоқи учун янги имкониятлар очади — бельгиялик эксперт

ASTANA. Kazinform — Бельгиялик эксперт, Diplomatic World нашрининг лойиҳа директори Альберто Тюркстра Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг «Янги тарихий босқичда Қозоғистоннинг долзарб вазифалари» номли йиллик Мурожаатномаси юзасидан Kazinform агентлигининг Брюсселдаги мухбирига ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Фото из личного архива

Унинг таъкидлашича, Қасим-Жомарт Тоқаевнинг нутқи ҳар доимгидек нафақат мамлакат ичида, балки халқаро миқёсда ҳам, хусусан, ташқи сиёсат ва Қозоғистоннинг ҳамкорлари, биринчи навбатда, Европа Иттифоқи билан муносабатларини ривожлантириш нуқтаи назаридан катта қизиқиш уйғотади.

Тюркстра Мурожаатномада иқтисодиёт масалаларига кўпроқ эътибор қаратилганини таъкидлади.

Унда сиёсий ва институционал ислоҳотлар натижалари, жумладан, Қозоғистон халқи томонидан янги Конституциянинг қабул қилиниши ҳамда янги Парламент тузилмасининг шакллантирилиши ҳақида сўз юритилган. Бельгиялик сиёсатшуноснинг фикрича, давлат институтлари олдида турган ҳозирги асосий вазифа — кенг кўламли иқтисодий чора-тадбирлар пакетини амалга оширишдир.

Эксперт устувор йўналишлар қаторида рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этишни алоҳида қайд этди.

«Мен яқинда Астанада бўлиб ўтган “Digital Bridge” (AI and Digital Summit) форумида иштирок этдим. Унда Қозоғистонда рақамли технологиялар юқори даражада ривожланганига ва мамлакат кўплаб глобал тенденциялардан илгарилаб кетиш салоҳиятига эга эканига амин бўлдим. Рақамлаштириш соғлиқни сақлаш, таълим, сув ресурсларини бошқариш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш каби жамиятнинг муҳим соҳаларини такомиллаштириш воситасидир», — деди у.

Тюркстра Қозоғистоннинг транспорт инфратузилмасини ривожлантириш режаларига, жумладан, портлар, аэропортлар, автомобиль йўллари ва логистика марказларини барпо этиш лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратди.

«Бу, албатта, Транскаспий халқаро транспорт йўналишини, яъни Ўрта коридорни кенгайтириш билан бевосита боғлиқ. Ушбу йўналиш Европа Иттифоқининг ташаббуслари, хусусан, Global Gateway стратегияси билан тўлиқ уйғунлашади. Ўрта коридор салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш ва мавжуд тўсиқларни бартараф этиш учун ҳар икки томоннинг фаол ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари зарур», — деди Тюркстра.

Бельгиялик сиёсатшунос, шунингдек, мамлакат ичида хомашёни чуқур қайта ишлаш, қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда Қозоғистон ва Европа Иттифоқининг кўплаб мамлакатлари учун долзарб бўлган «яшил» энергетикага ўтишда муҳим ўрин тутадиган атом энергетикасини ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.