— Ўмон давлати Қозоғистон билан муносабатларига катта аҳамият беради. 1992 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилгандан бери мамлакатларимиз дўстлик, ўзаро ҳурмат ва конструктив ҳамкорликка бўлган умумий интилишга асосланган мустаҳкам алоқаларни ўрнатдилар. Бугун бизда ушбу мустаҳкам пойдеворга таяниб, янада стратегик ва натижага йўналтирилган шериклик сари қадам ташлаш учун ажойиб имконият бор, — деди мартабали меҳмон.
Ўмон Султонининг сўзларига кўра, олий даражадаги ўзаро ташрифлар, Ўмон-Қозоғистон қўшма комиссиясининг иши ва 2025-2026 йилларга мўлжалланган Йўл харитасини амалга ошириш ҳамкорликнинг кенг кўламли соҳаларини ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратади.
— Биз олдинга силжиганимиз сари, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик ушбу янги даврнинг асосий белгиловчи хусусияти бўлиб қолиши керак. Ушбу алоқаларни мустаҳкамлаш орқали биз ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шериклик учун янги имкониятлар очишимиз мумкин. Ўмон Қозоғистон билан кўплаб соҳаларда катта инвестиция ва ҳамкорлик имкониятларини кўрмоқда. Буларга энергетика ва тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги, транспорт ва логистика, молиявий хизматлар, туризм, технология ва сунъий интеллект киради. Биз давлат инвестиция фондларимиз, хусусий сектор ва ихтисослашган давлат тузилмаларини бирлаштирадиган қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишни маъқуллаймиз, — деди у.
Мартабали меҳмон Қозоғистон Осиё ва Европани боғлайдиган глобал савдо йўлаклари бўйлаб стратегик географик жойлашувга эга эканлигини, Ўмон эса Форс кўрфази, Ҳинд океани, Осиё ва Африкадаги асосий бозорларга тўғридан-тўғри денгиз орқали кириш имкониятини тақдим этишини таъкидлади.
— Ушбу бир-бирини тўлдирувчи афзалликлардан фойдаланиш иккала мамлакат учун ҳам иқтисодий ўсишга йўл очади ва сезиларли қўшимча қиймат яратади. Шунинг учун биз транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни, жумладан, Ўмон портлари орқали савдо йўлакларини яратишни, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ҳаво қатновини кенгайтиришни ривожлантириш ниятидамиз. Келажакка назар ташласак, молия сектори ҳам шерикликни чуқурлаштириш учун катта салоҳиятга эга. Ўмонда «Ўмон халқаро молия маркази» ташкил этилиши билан биз тажриба алмашиш ва институционал ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятларни кўрмоқдамиз. Худди шундай, Қозоғистоннинг рақамли трансформация ва сунъий интеллект соҳасидаги ютуқлари келажакдаги ҳамкорлигимизнинг муҳим ядросига айланиши мумкин, — деди Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид.
Эслатиб ўтамиз, Қасим-Жомарт Тоқаев ва Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид Мустақиллик саройида кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказдилар.