Туркманистон Президенти «Алтын қыран» ордени билан тақдирланади

Фото: Photo credit: Akorda

ASTANA. Kazinform — Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев 12 декабрь куни Ашхободда бўлиб ўтадиган Халқаро тинчлик ва ишонч  форумида иштирок этади. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қозоғистонда давлат ташрифи билан бўлиб турган Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан кенгайтирилган учрашувда айтиб ўтди.

“Замонавий Туркманистонни бошқариш йўлидаги меҳнатларингизни юксак қадрлашимизни, кучли раҳбариятингиз туфайли мамлакатингиз иқтисодиёти жадал ривожланиб, Туркманистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ортиб бораётганини билдирмоқчиман. Фурсатдан фойдаланиб, Сизни ва Сиз орқали бутун қардош туркман халқини Туркманистон доимий бетарафлигининг 30 йиллиги билан табриклайман. Ашхободнинг тинчликсевар сиёсатини, шунингдек, минтақада барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашдек умумий мақсадни илгари суришга қаратилган ижодий ташаббусларингизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз”, - деди Президент.

Шу муносабат билан Давлат раҳбари Туркманистонда БМТ кўмагида Халқаро тинчлик ва ишонч йили доирасида муваффақиятли ўтказилаётган кенг кўламли тадбирга алоҳида эътибор қаратди.

“12 декабрда бўлиб ўтадиган Буюк халқаро форумда иштирок этишни режалаштирмоқдаман. Ҳурматли Президент жаноблари, Қозоғистон-Туркманистон муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссангизни инобатга олиб, Сизни Қозоғистон Республикасининг олий давлат мукофоти - «Алтын қыран» (“Олтин Бургут”) ордени билан тақдирлашга қарор қилганимни маълум қилмоқчиман. Ушбу олий мукофот Сизга, қолаверса, бутун қардош туркман халқига чуқур ҳурмат-эҳтиром билдиради”, - деди Қасим Жомарт Тоқаев.

Аввалроқ, Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Туркманистон Президентини Ақордада кутиб олгани ҳақида хабар берган эдик.