Туркияда ҳарбий вертолёт ҳалокатга учради

ASTANA. Kazinform - Туркиянинг Эскишеҳир вилоятида ўқув парвози вақтида Ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли вертолётнинг қулаши оқибатида беш нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди, деб хабар беради Kazinform агентлиги Anadolu га таяниб.

Фото: Anadolu

Туркия Миллий мудофаа вазирлиги маълум қилишича, ҳалок бўлган беш нафар ҳарбий хизматчининг шахси аниқланган.

Марҳумларнинг жасадлари Анқарага олиб келинган. Суд-тиббий экспертизаси ўтказилганидан сўнг улар ҳарбий хизматчиларнинг туғилиб ўсган шаҳарларига юборилади ва ўша ерда дафн этилади.

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Вертолёт қулаганидан сўнг ҳодиса жойида ёнғин содир бўлди. Ҳалокат сабаблари аниқланмоқда.

Бу сўнгги икки ҳафта ичида Туркияда ҳарбий вертолёт билан боғлиқ иккинчи ҳалокатдир. Жумладан, 12 ноябрда мамлакатнинг жануби-шарқида жойлашган Малатья вилоятида S-70 русумли ҳарбий вертолёт қулаган эди. Ҳодиса оқибатида унинг бортида бўлган тўрт нафар ҳарбий хизматчининг барчаси ҳалок бўлган.