Анталия вилоятининг Кумлуджа туманида альпинистларни ташиётган микроавтобус йўлдан чиқиб кетиб, жарликка ағдарилди. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳайдовчини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, 15 киши жароҳат олди.
Туркиянинг mygazete нашри хабар беришича, микроавтобус Адрасан ҳудудидан йўлга чиққан ва Мавикент маҳалласидаги Чердин ҳудудида ҳалокатга учраган.
Ҳайдовчи бошқарувни йўқотгани оқибатида микроавтобус йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилган.
Ҳодиса жойига тез ёрдам бригадалари, ўт ўчирувчилар ва жандармерия ходимлари юборилди. Тиббиёт ходимлари жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиб, уларни Кумлуджа ва Финике туманларидаги шифохоналарга етказди.
Жабрланганларнинг аҳволи ҳозирча маълум эмас. Жандармерия ҳодиса тафсилотларини аниқлаш мақсадида тергов бошлади.