Туркия Атроф-муҳит, шаҳарсозлик ва иқлим ўзгариши вазирлигининг маълумотларига кўра, 102 та давлат раҳбари ва 300 дан ортиқ вазир конференцияда иштирок этишини тасдиқлади. Форумда жами 196 та мамлакат ва Европа Иттифоқидан делегациялар иштирок этиши кутилмоқда.
Давлат ва ҳукумат раҳбарлари саммити 11-12 ноябрь кунлари “Мовий зона”да (Blue Zone)бўлиб ўтади. Унга Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған раислик қилади. Мезбон давлат номидан CОР31 конференцияси ишига Атроф-муҳит, шаҳарсозлик ва иқлим ўзгариши вазири Мурат Курум раҳбарлик қилади.
Музокараларнинг асосий мавзулари тоза энергияга ўтиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлимга чидамли шаҳарларни ривожлантириш, яшил саноатлаштириш ва чиқиндиларни камайтириш бўлади. Иштирокчилар шунингдек, океанлар ва денгизларни ҳимоя қилиш, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимларининг иқлим ўзгаришига чидамлилигини ошириш масалаларини муҳокама қиладилар.
Туркия конференция давомида аниқ натижаларга эришишга устувор аҳамият беради. Мезбон мамлакат томонидан таклиф қилинган "Ҳаракат учун CОР" концепцияси иқлим мажбуриятларидан аниқ лойиҳалар ва ечимларга ўтишни назарда тутади.
Конференция учун 1,1 миллион квадрат метр майдон тайёрланган. У икки қисмга бўлинган. "Мовий зона"да давлат делегациялари ва халқаро ташкилотлар иштирокида расмий музокаралар ўтказилади. "Яшил зона"да бизнес, фан, жамоат ташкилотлари вакиллари ва ёшлар ўз лойиҳалари ва ечимларини тақдим этадилар.
Ташкилотчилар "Мовий зона"га тахминан 100 минг ва "Яшил зона"га 1,5 миллионгача ташриф буюрувчилар келишини кутмоқдалар. Бундан ташқари, конференцияда иштирок этиш учун 154 мамлакатдан 45 мингдан ортиқ иқлим кўнгиллилари рўйхатдан ўтган.
Туркия CОР31 да тақдим этадиган ташаббуслар қаторига "Нол чиқиндилар" дастури ва 6 февралдаги зилзиладан зарар кўрган 11 провинцияда 455 000 та иқлимга чидамли уй қуриш лойиҳаси киради.
Музокаралардан ташқари, конференция дастурида атроф-муҳит, таълим ва маданий тадбирлар, барқарор ривожланиш, биологик хилма-хилликни сақлаш ва чиқиндиларни камайтириш бўйича кўргазмалар ва тақдимотлар мавжуд.
Алоҳида бўлим барқарор гастрономия мавзусига бағишланади. Меҳмонлар Туркиянинг етти минтақасининг ошпазлик анъаналари билан таништирилади.
Шуни таъкидлаш жоизки, Қозоғистон Туркияда бўлиб ўтадиган CОР31 конференцияси доирасида ҳамкорлик бўйича 28 га яқин ҳужжат имзолашни режалаштирмоқда.