Лойиҳа «Қайып Ата» компаниялар гуруҳи таркибига кирувчи «Түркістан Агро KZ» МЧЖ томонидан амалга оширилди. Мажмуа ем-хашак экинларини етиштиришдан тортиб, чорва молларини бўрдоқига боқиш, сўйиш, гўштни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотни сотишгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш циклини қамраб олади.
Янги мажмуа йилига 15 минг тоннагача гўшт ишлаб чиқариш имконини беради. Компаниялар гуруҳи таркибида йилига 7,2 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарадиган гўштни қайта ишлаш корхонаси ҳамда қуввати 46 минг тоннани ташкил этувчи омухта ем заводи фаолият юритади. Шунингдек, 1,4 минг гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологиясидан фойдаланган ҳолда ем-хашак экинларини етиштириш ҳамда 12 минг бош чорва молини қабул қилишга мўлжалланган замонавий чорвачилик биржасини қуриш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Бўрдоқичилик мажмуасини қуришда Австралия технологияларидан фойдаланилди. 2024 йилдан бошлаб Қозоғистонда гўшт йўналишидаги чорвачиликни ривожлантириш бўйича Австралия моделининг айрим элементларини жорий этиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу ёндашув чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, бўрдоқичилик майдонлари ва чорва савдосининг замонавий инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган.
“Бугун биз Марказий Осиёдаги энг йирик бўрдоқичилик мажмуаларидан бирини очмоқдамиз. Уч йил аввал қозоғистонлик фермерлар билан биргаликда Австралияга бориб, чорвачиликни юритишнинг илғор тажрибаларини ўргандик. Бугун эса ўша тажрибанинг амалда қўлланилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Қозоғистонда ушбу соҳани янада ривожлантириш учун барча имкониятлар мавжуд. Жумладан, кенг яйлов майдонлари, ем-хашак захираси, малакали мутахассислар ва экспорт салоҳияти етарли. Ўтган йили гўшт экспорти 100 минг тоннадан ошди. Бироқ бу мамлакатимиз салоҳияти тўлиқ ишга солинди, дегани эмас. Ҳозирда агросаноат мажмуасининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши тахминан 6 фоизни ташкил этади. Чорвачиликни ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш иқтисодий ўсишнинг қўшимча манбаларига айланиши керак. Олдимизга агросаноат мажмуасининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 10 фоизга етказиш вазифасини қўйганмиз”, — деди Бош вазир ўринбосари — Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жуманғарин.