Туркистон вилояти Ўзбекистоннинг бир қатор вилоятлари билан туризм, чорвачилик ва балиқчилик соҳаларида ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтирмоқда.
Бу ҳақда Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кўшеров Қозоғистон ва Ўзбекистон вилоятлари раҳбарлари кенгашининг биринчи йиғилишида маълум қилди.
— Қозоғистон ва Ўзбекистон вилоятлари раҳбарлари кенгашининг биринчи йиғилиши доирасида биз икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамладик. Ҳозирда Туркистон вилояти Тошкент вилояти билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Бундан ташқари, биз туризмни ривожлантириш мақсадида Самарқанд, Бухоро ва Хива ҳудудлари билан шартномалар туздик ва алоқалар ўрнатдик. Туркистондаги сайёҳлик компаниялари ва меҳмонхоналар вакиллари билан биргаликда биз Хива, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига хизмат сафарига бордик. Икки томонлама туристик пакетлар ишлаб чиқилди. Ҳозирда биз сайёҳлар оқимини кўпайтириш устида иш олиб бормоқдамиз. Фақат ўтган йили ҳудудимизга 1,5 миллион сайёҳ ташриф буюрди, — деди Туркистон вилояти ҳокими.
Бундан ташқари, икки томонлама келишувлар доирасида Ўзбекистоннинг «Meat Magnet» компанияси ҳудудда гўшт етиштириш лойиҳасини амалга оширмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонлик инвесторлар балиқчиликни ривожлантириш ва дам олиш масканларини яратиш лойиҳаларида иштирок этмоқдалар.