Энг йирик келишувлар Филиппин билан тузилди. Жумладан, Boeing ва GE Aerospace компаниялари 12 миллиард доллар эвазига 20 та Boeing 787 самолётини етказиб беришга келишиб олди. Шунингдек, Филиппиннинг АҚШдан мудофаа техникасини харид қилиши учун 2 миллиард доллардан ортиқ миқдорда ҳарбий молиявий маблағ ажратилади. Бундан ташқари, Вашингтон мамлакат мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш учун 400 миллион доллар йўналтиради.
Томонлар сунъий интеллект, булутли технологиялар ва сунъий йўлдош алоқаси соҳаларида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича келишувга эришди. Фуқаровий ядро энергетикаси соҳасида ҳам қўшма лойиҳаларни ривожлантириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, ёқилғи омборини қуриш ва Баско аэропортини модернизация қилиш бўйича келишувга эришилди. Бундан ташқари, Филиппин АҚШнинг энергетика ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортини ошириш орқали икки мамлакат ўртасидаги савдо номутаносиблигини бартараф этиш мажбуриятини олди.
АҚШ ва Таиланд эса товарларнинг 99 фоизига қўлланиладиган божларни бекор қилиш ҳамда Америка маҳсулотларига нисбатан савдо чекловларини камайтиришни назарда тутувчи келишувни ишлаб чиқишни давом эттирди. Шунингдек, Таиланд қиймати 123 миллион долларгача бўлган АҚШнинг HIMARS ракета тизимларини харид қилиш ниятида эканини маълум қилди.
Бундан ташқари, Индонезиянинг Danantara миллий жамғармаси ва Американинг Latitude Energy компанияси кўмир ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган, қиймати 2 миллиард долларлик энергетика лойиҳасини амалга ошириш бўйича музокараларни бошлади.
Япониянинг Panasonic компанияси эса Американинг Sila компаниясидан замонавий кремний-карбон анод материалларини харид қилиш бўйича узоқ муддатли шартнома имзолади. Келишув қиймати 1 миллиард долларгача етиши мумкин.
Шунингдек, Малайзиянинг Tenaga Nasional Berhad миллий энергетика компаниясига қарашли TNB Fuel Services шўъба корхонаси Американинг Navajo Transitional Energy Company (NTEC) компанияси билан 100 миллион долларлик кўмир етказиб бериш бўйича уч йиллик шартнома тузди. Бундан ташқари, Малайзия Америка консорциуми билан ҳамкорликда миллий маълумотлар марказини ташкил этишни режалаштирмоқда.
Бруней эса қарийб 1 миллиард долларлик маблағ эвазига маълумотларни қайта ишлаш марказини қуриш учун Американинг Vertiv компанияси билан ҳамкорлик қилишни кўзламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Си Цзиньпин ва Дональд Трампнинг Хитойда учрашгани ҳақида хабар берилган эди.