Аввал амалда бўлган экология соҳасига оид 17 та қонун ушбу ҳужжатга бирлаштирилди.
Кодексда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ресурсларни бошқариш қоидалари белгилаб берилди, «ифлослантирувчи тўлайди» тамойили мустаҳкамланди. Шунингдек, чиқиндиларни бошқариш, атроф-муҳитни рақамли назорат қилиш, иқлим ўзгаришига мослашиш ҳамда фуқароларнинг экологик ахборотдан фойдаланиш имконияти бўйича янги талаблар жорий этилди.
Қабул қилинган қоидаларга мувофиқ, махсус рухсатномаси бўлмаган ҳолда атроф-муҳитни ифлослантирувчи корхоналарга беш баравар кўп жарима солинади. Бундай чиқиндилар ва чиқарилмалар белгиланган меъёрлардан ошган деб ҳисобланади.
Шу билан бирга, жарима тўлаш ифлослантирувчи корхоналарни жавобгарликдан озод қилмайди. Улар ифлосланиш оқибатларини бартараф этишга ва атроф-муҳитга етказилган зарарни қоплашга мажбур бўлади.
Ҳужжатда чиқиндиларни йўқ қилиш қоидалари ҳам қатъийлаштирилган. Пластмасса буюмлар, ПЭТ-қадоқлар, батареялар, симобли чироқлар, шиша, металл парчалари, ишлатилган шиналар, эски автомобиллар ва қурилиш чиқиндиларини чиқинди полигонларига ташлаш тақиқланади. Тиббий, биологик ва электрон чиқиндилар учун алоҳида қоидалар белгиланди. Маҳаллий ҳокимият органлари қоғоз, тўқимачилик маҳсулотлари, озиқ-овқат чиқиндилари ва металл каби қайта ишланиши мумкин бўлган чиқиндиларнинг алоҳида йиғилишини таъминлаши шарт.
Кодексга «рақамли экология» тушунчаси киритилиб, ягона давлат экологик мониторинг тизими ва ахборот ресурсларини яратиш кўзда тутилган. Ҳар йили миллий экологик ҳисобот эълон қилиб борилади.