Душанбе шаҳри ҳокими Рустам Эмомали шу ҳақда фармойиш чиқарди. Тегишли идораларга мулкчилик шаклидан қатъи назар, шаҳардаги барча корхоналарга қуёш панеллари ўрнатилишини таъминлаш топширилди.
Аввалроқ пойтахт маъмурияти барча янги кўп қаватли бинолар, университетлар ва таълим муассасаларига қуёш панеллари ўрнатишни мажбурий қилиб белгилаган эди. 2024 йил апрель ойидан буён бундай 1 530 та лойиҳа экспертизадан ўтказилди.
Ҳозирги вақтда Тожикистонда қуёш энергияси ишлаб чиқариш ривожланиб бормоқда. Ҳукумат умумий қуввати 500 МВт бўлган иккита қуёш электр станциясини қуриш бўйича инвестиция келишувини имзолади. Улар Суғд вилоятининг Ашт тумани ва Хатлон вилоятининг Жайҳун туманида қурилади.
Тожикистоннинг 2023-2037 йилларга мўлжалланган «Яшил иқтисодиётни ривожлантириш стратегияси»ни амалга ошириш доирасида ҳукумат қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 10 минг МВтгача оширишни ҳамда 2037 йилга қадар тоза, чиқиндисиз электр энергияси ишлаб чиқаришга тўлиқ ўтишни мақсад қилган.