Тожикистон Президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, 3 сентябрда Эмомали Раҳмон ва Сенат раиси, Душанбе шаҳри мэри Рустами Эмомали пойтахтнинг Шоҳмансур туманида кўп функционалли архитектура ва сервис мажмуаси қурилиши пойдеворига биринчи тошни қўйиш маросимида иштирок этди.
Архитектура мажмуаси 29 гектар майдонни эгаллайди ва 52 та объектдан, жумладан, 5 та баланд қаватли минорадан иборат бўлади. Энг баланд минора 77 қаватдан иборат бўлиб, баландлиги 340 метрга етади. У «Душанбе Тауэр» деб номланади.
Мажмуа таркибига меҳмонхона, кафе ва ресторанлар, савдо нуқталари ва хизмат кўрсатиш объектлари, офис хоналари, 1000 ўринли концерт зали, кинозал, савдо-кўнгилочар маркази, болалар ўйин майдончаси, турли тадбирларни ўтказиш учун ободонлаштирилган ҳудуд, спорт зали, боғ ва кўл киради.
Биноларнинг ташқи кўриниши жаҳон брендлари талабларига мос равишда ишлаб чиқилади. Замонавий лойиҳа доирасида 6160 та хонадонга мўлжалланган 42 та турар жой биноси, 1200 нафар ўқувчига мўлжалланган умумтаълим муассасаси биноси ва 500 нафар болага мўлжалланган болалар боғчаси ҳам қурилади.
Лойиҳани 5 йил ичида якунлаш режалаштирилган. Қурилиш ишларига 2000 нафардан ортиқ маҳаллий қурувчи жалб этилади.
Ҳозирги вақтда Марказий Осиёдаги энг баланд бино Астана шаҳридаги «Абу-Даби Плаза» кўп функционалли мажмуасининг 75 қаватли, баландлиги 311 метр бўлган минораси ҳисобланади.