Тегишли топшириқни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Тадбиркорлар куни муносабати билан мамлакат ишбилармон доиралари ва инвесторлари вакиллари билан ўтказилган учрашувда берди.
“Ҳозирги вақтда мамлакатимизда 395 мингта тадбиркорлик субъекти фаолият юритиб келади. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 мингтага кўп. Биз 2030 йилга қадар уларнинг сонини камида 500 мингтага етказишни мақсад қилиб қўйганмиз”, — деди Эмомали Раҳмон.
У тадбиркорлар сонини кўпайтириш билан бир қаторда, улар фаолиятининг барқарорлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш ва инновацияларга йўналтириш, шунингдек, янги иш ўринларини кўпроқ яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Шу муносабат билан қайта ишланган маҳсулотлар экспортини икки баравар ошириш ва банклар кредит портфелида ишлаб чиқариш мақсадлари учун ажратиладиган кредитлар улушини 40 фоиздан ошириш режалаштирилган.
Тожикистон президенти кичик ва ўрта бизнес фаолиятини текширишга қўйилган мораторийни солиқ текширувлари бундан мустасно ҳолда, 2029 йил 1 январга қадар узайтиришини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, хусусий сектор мамлакат ялпи ички маҳсулоти ва бандликнинг 70 фоизини, шунингдек, солиқ тушумларининг 80 фоиздан ортиғини таъминлайди. Тадбиркорларга 240 дан ортиқ турли кафолат ва имтиёзлар тақдим этилган.
Президент топшириқлари қаторига 2027 йил охирига қадар рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш бўйича асосий хизматларни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш ҳам киради.
Шунингдек, ҳукуматга 20 мингдан ортиқ якка тартибдаги тадбиркорнинг умумий миқдори 120 миллион сомонидан ошадиган солиқ қарздорлигини ҳисобдан чиқариш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.