ЎР Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошкент вилоятидаги ОКМК фабрикаси қурилишидаги вазиятга изоҳ берди.
ФВВга кўра, 20 февраль куни соат 08:00 ларда Олмалиқ шаҳри Саноат зонаси ҳудудида жойлашган янги қурилаётган «3-сонли мисни бойитиш фабрикаси»да, бирламчи маълумотга кўра, темир конструкциялари сурункали қор ёғиши оқибатида қулаб тушган.
Ҳодиса оқибатида қурувчи компаниянинг 32 нафар ишчиси (барчаси Ҳиндистон фуқаролари) жабрланган, улардан 3 нафари воқеа жойида вафот этган, 29 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олгани сабабли шифохонага жойлаштирилган.
Жабрланган фуқароларнинг 4 нафарига шифохонада зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, жавоб берилган.
Айни вақтда содир бўлган ҳодиса сабаблари ва оқибатларини жойида ўрганиш, зудлик билан бартараф этиш, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида масъул ташкилотлар иштирокида ишчи гуруҳ тузилган, дейилади хабарда.