Марказда кўргазма ва таълим масканлари, кутубхона, жамоат жойлари, концепт дўкони ва ресторан мавжуд. Унда кўргазмалар, маърузалар, мунозаралар, концертлар, спектакллар, фильм намойишлари ва таълим тадбирларини ўтказиш режалаштирилган.
Собиқ электр станциясининг тарихий биноси Studio KO архитектура бюроси лойиҳаси асосида қайта қурилди. Таъмирлаш жараёнида унинг тарихий кўриниши ва саноат архитектурасининг ўзига хос хусусиятлари сақланиб қолди.
Тошкент замонавий санъат маркази Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилган. Лойиҳа Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусидир.
Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерованинг сўзларига кўра, марказ рассомлар, тадқиқотчилар, кураторлар ва турли жамоалар вакиллари ўртасидаги ўзаро таъсир платформасига айланишни, шунингдек, маҳаллий санъат саҳнасини халқаро санъат саҳнаси билан боғлашни мақсад қилган.
— Биз нафақат замонавий санъатни намойиш этадиган, балки унинг ривожланишини таълим, тадқиқот ва халқаро ҳамкорлик орқали қўллаб-қувватлайдиган муассаса яратишга интиламиз, — деди Гаянэ Умерова.
Марказнинг биринчи кўргазмаси санъатшунос Сара Раза томонидан кураторлик қилинган "Ҳикмат" эди. Унинг номи арабча "ҳикмаҳ" сўзидан келиб чиққан бўлиб, "донолик" деган маънони англатади. Лойиҳа маҳаллий анъаналар, маънавий мерос ва замонавий бадиий амалиётларнинг кесишишини ўрганади.
Кўргазмада турли мамлакатлар рассомларининг асарлари, жумладан, И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Давлат санъат музейи коллекциясидан асарлар намойиш этилган.
Марказ аллақачон рассом Вячеслав Ахунов ижодига бағишланган "Тафаккур воситалари" номли биринчи халқаро кўргазма лойиҳасини тақдим этган. Кўргазма Венециядаги Франкетти саройида 61-Венеция замонавий санъат биенналесининг расмий қўшимча лойиҳаси сифатида ўтказилмоқда ва 2026 йил 22 ноябргача давом этади.
Янги марказнинг асосий йўналиши ўзбек рассомларини қўллаб-қувватлаш, халқаро ҳамкорлик, таълим ва тадқиқот дастурлари ҳамда маҳаллий аудиторияни замонавий санъат билан таништиришга қаратилган бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мактабларида маданият ва санъат тўгараклари очилади.