Ижтимоий тармоқларда одамлар устки кийимларни бепул тарқатаётган дўкон олдида тўпланиши акс этган видео тарқалди.
Тошкент шаҳар ИИБ бу воқеага изоҳ берди.
Маълум бўлишича, 4 январь куни Юнусобод туманида жойлашган кийим-кечак дўкони эгалари ижтимоий тармоқларда 300 дона эркаклар қишки пальтоси текинга тарқатилиши ҳақида хабар тарқатган.
Ушбу ҳаракат натижасида дўкон яқинида одамлар тўпланиб, тартибсизликлар бошлаб юборган. Воқеа жойига ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари этиб келиб, вазиятни бартараф этишди.
Мазкур ҳолат юзасидан дўкон мудири 1999 йилда туғилган С.И.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий кодексининг 200-1-моддаси (Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларини бузиш) тўққиз нафар ходимга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий кодексининг 194-моддаси (Ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига риоя қилмаслик) билан баённома тузилди.
Фуқаро С.И.га 15 БҲМ (5,1 миллион сўм), дўкон ходимларига эса 10 БҲМ (3,4 миллион сўм) миқдорида жарима солинди.