Тошкентда Абай ижодига бағишланган маърифий тадбир ўтказилди

Фото:
TASHKENT. Kazinform - Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорликда улуғ қозоқ шоири ва мутафаккири Абай ижодига бағишланган маърифий тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Kazinform UzAга таяниб хабар беради.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, Қозоғистондаги «Дўстлик» этномаданий марказлари ҳамжамияти қошидаги «Ижодкор» адабий бирлашмаси аъзолари, талаба ёшлар қатнашди.

Абай ижоди Ўзбекистонда ҳам чуқур ўрганилган. Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизматига кўра, 1945 йилда ўзбек тилида биринчи бор нашр қилинган Миртемир ва Уйғун таржимасидаги Абай асарлари тўплами турли мавзудаги шеърларни ўз ичига олган. Бугунги кунда Ўзбекистонда устозлар анъанасини Янгибой Қўчқоров, Музаффар Аҳмад, Қозоқбой Йўлдош, Ибодулла Мирзаев каби таржимонлар давом эттирмоқдалар.

Қалдибек Сейданов, Абдулла Рустамов, Қодиржон Носиров каби абайшунос олимлар улуғ қозоқ шоири ва мутафаккири ижодини кенг таҳлил қилиб келадилар.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкентда Абайнинг «Сайланма» асари, «Тарбия сўзлари» китоби ҳамда «Ўзбек-қозоқ адабий алоқалари», «Оқиннинг доно ўгитлари», «Абай ва Марказий Осиё адабиёти» номли адабий-таҳлилий мақолалар тўпламини чоп этган.

«Туркий адабиёт дурдоналари» номли 100 жилдлик асарлар мажмуасида ҳам Абай ижодига алоҳида жилд ажратилган бўлиб, унга улуғ қозоқ шоирининг шеърлари киритилган.

Адабий тадбирда талабалар Абай ижодига бағишланган маърузаларни қизиқиш билан тингладилар. Абай шеърларидан намуналар ўқилди.

Тадбирда Қозоғистондаги «Дўстлик» этномаданий марказлари ҳамжамияти қошидаги «Ижодкор» адабий бирлашмаси аъзолари Абай ижодидан қилган таржималарини ўқиб бердилар.

Сўнгги хабарлар