Қозоғистон Халқ кенгаши раиси Ерлан Қошанов Ғарбий Қозоғистон вилоятига амалий ташриф билан бориб, «Янги жамоатчилик этикаси: маданият, одоб ва қадрият» деб номланган республика форумида иштирок этди. Бу - Президент топшириқларини амалга ошириш доирасида конституциявий орган томонидан ҳудудларда ўтказилган илк тадбир ҳисобланади. Мулоқот майдонида жамиятнинг мингдан ортиқ вакили, фаол аёллар ва экспертлар жам бўлди.
Аввалига Ерлан Қошанов Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг форум иштирокчиларига йўллаган табрик мактубини ўқиб эшиттирди. Президент республика форумининг очилиши билан табриклаб, Қозоғистон Халқ кенгаши томонидан ташкил этилган мазкур йиғилиш миллий тарбия ва жамоатчилик маданияти узвийлигини тарғиб қилувчи муҳим тадбир эканини таъкидлади.
“Конституция - мамлакатимизнинг ўсиши ва фаровонлиги учун йўл очадиган муқаддас ҳужжат ва янги даврда халқимизнинг ўзига хослигини белгиловчи пойдевордир. Шунинг учун барчамизнинг олдимизда турган энг муҳим вазифа — Конституциямизнинг асосий қадриятлари ва аҳамиятини аҳолига, айниқса, ёшларга ҳар томонлама тушунтириш ва кенг тарғиб қилишдир. Зеро, бугунгидек ўзгарувчан, беқарор ва мураккаб даврда давлатчилигимизнинг минг йиллик тарихи ва анъаналарини ёдда сақлаган ҳолда, халқимиз онгига илғор фикрлайдиган миллатга хос эзгу қадриятларни сингдириш ниҳоятда долзарб вазифадир», — дейилади табрик мактубида.
Шунингдек, Давлат раҳбари тараққий этган мамлакатга айланиш муқаддас Ватанимиз манфаатлари йўлида бутун жамият бўлиб фидокорона меҳнат қилишдан бошланишига алоҳида эътибор қаратди. Чунки меҳнатни қадрлайдиган жамият фуқаролари ҳар бир ишга катта масъулият, жонкуярлик ва ҳалол ният билан ёндашиши шубҳасиз.
«Биз бутун жамият бўлиб “Таза Қазақстан” умуммиллий ташаббусини амалга оширишга киришдик. Бутун мамлакат бўйлаб тозалик тадбирларини ўтказиб, ушбу муқаддас тушунчанинг чуқур маъносини халқимиз, айниқса, ёшлар онгига сингдира бошладик. Шу тариқа тозалик миллат қиёфасининг ажралмас қисмига, халқимизнинг мустаҳкам қадриятига айланмоқда. Биз қонун ва тартиб устувор бўлган, таълим, илм-фан ва инновацияларга алоҳида эътибор қаратиладиган, бирлиги мустаҳкам, Адолатли, Хавфсиз, Кучли ва Тоза Қозоғистонни барпо этмоқдамиз. Ушбу муҳим вазифани амалга ошириш учун давлат муассасалари билан бир қаторда бутун жамият — ҳар бир оила, ҳар бир фуқаро, шунингдек, жамоатчилик фаоллари, ўқитувчилар ва кўнгиллилар бирлашиб, фаол иштирок этиши керак. Бугунги учрашувда билдириладиган самарали таклифлар ва янги ғоялар ушбу мақсад ва вазифаларни амалга оширишга ҳисса қўшишига ишонаман», — дейилади Президент табригида.
Ерлан Қошанов ўз нутқида Давлат раҳбари томонидан олға сурилган кенг кўламли вазифаларни амалга оширишда Халқ кенгаши фаол иштирок этишини таъкидлади. Конституциявий маслаҳат органининг асосий вазифаси жамоатчиликни Президент ислоҳотлари ва ташаббуслари атрофида бирлаштиришдан иборат.
«Бугунги суҳбат — Ватан ва оила, келажак ҳақидаги суҳбатдир. Бу одоб ва анъаналар, жамоатчилик этикаси орқали миллатнинг янги сифатини шакллантириш ҳақидаги мулоқотдир. Конституция билан бирга жамиятнинг онги ва дунёқарашида ҳам чуқур, муҳим ўзгаришлар юз бермоқда. Президент ҳар бир қозоғистонлик ўз она тилини ҳурмат қиладиган, урф-одатларини қадрлайдиган, катталарни эъзозлайдиган, билим олишга интиладиган ва шу билан бирга дунёга очиқ фуқаро бўлишини истайди. Бу фазилатлар оиладаги тарбиядан бошланиб, “Заң мен тәртіп”, “Таза Қазақстан”, “Адал азамат” тамойиллари орқали шаклланиши керак», — деди Е. Қошанов.
Халқ кенгаши раиси Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ислоҳотлари етти йил давомида мамлакат ҳаётида сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлганини таъкидлади. Янги иқтисодий сиёсат иқтисодиётни диверсификация қилиш ва ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш имконини берди. Сўнгги етти йилда Қозоғистоннинг ялпи ички маҳсулоти 181,7 миллиард доллардан 306 миллиард долларгача ўсди. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот 9,8 минг доллардан 15 минг долларга етди. 25 минг километр йўл қурилди. 1300 та янги мактаб барпо этилди, «Келешек мектептері» лойиҳаси доирасида эса 217 та мактаб қурилди.
Президент ташаббуси билан мустақиллик йилларида илгари кузатилмаган даражада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бугун Қозоғистон иқтисодий, ижтимоий, маданий ва маънавий жиҳатдан тараққиётнинг янги босқичига қадам қўймоқда.
«Ушбу янгиланиш жараёнларининг энг юқори чўққиси — янги Халқ Конституциясидир. У билан бирга бугун одамларнинг қалби ва онгида ҳам чуқур, муҳим ўзгаришлар юз бермоқда. Ислоҳотлар мамлакатимизни бугун ўзгартирса, қадриятлар унинг эллик йилдан кейин қандай бўлишини белгилайди. Шунинг учун Президент кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланиши лозим бўлган жамоатчилик қадриятлари ва ҳаётий йўналишларни изчил шакллантириб келмоқда», — деди Ерлан Қошанов.
Йиғилиш давомида форум иштирокчилари тарбия масалалари, жамиятда ахлоқий қадриятларнинг ўрни, таълим ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш каби бир қатор муҳим мавзуларни муҳокама қилдилар.
Қозоғистон Халқ кенгаши аъзоси Наталья Дементьева ҳарбий қисмлардаги маънавий-руҳий ва маиший шароитларни яхшилаш зарурлиги масаласини кўтарди.
Ушбу йўналишдаги ишлар Халқ кенгаши фаолияти доирасида давом эттирилади. Ҳарбий қисмлардаги вазиятни ўрганиш ва ҳарбий хизматни ўташ шароитларини босқичма-босқич яхшилаш чораларини белгилаш режалаштирилган.
Яна бир муҳим масала — ёшларни иш билан таъминлаш. «Жаңа мүмкіндік» жамоат бирлашмаси раҳбари Арман Тулкибаев талаб юқори бўлган касбларни эгаллаш ва ишга жойлашишга ёрдам берувчи «JOLTAP» лойиҳасини амалга ошириш тажрибаси билан ўртоқлашди. Ушбу тажрибани кенг жорий этиш истиқболларига, жумладан, қишлоқ ёшларининг касбий таълим олиши ва ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтиришга эътибор қаратилди.
Учрашувда Халқ кенгаши аъзоси, Республика Оналар кенгаши раиси Назипа Шанаи, Қурултой депутати Снежанна Имашева ва вилоят раҳбарияти вакиллари ҳам сўзга чиқди.
Шунингдек, «Наири» Қозоғистон Республикаси Арман маданий марказлари уюшмаси» юридик шахслар бирлашмаси Оналар кенгаши раиси Татьяна Мурадян жамоатчилик этикаси ҳақида фикр билдирди. «Туркистон вилояти ота-оналар уюшмаси» жамоат бирлашмаси раиси Ақбаян Жакипова эса аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласини кўтарди. Жамоат арбоби ва афғон этномаданий бирлашмаси аъзоси Анна Муҳаммад ҳалол фуқаро тушунчаси ҳақида ўз фикрларини баён этди. Амангелди қишлоқ кутубхонаси мудири Гулсим Искалиева эса китобхон миллатни шакллантириш масаласига тўхталди.
Форум давлат ва жамият ўртасида очиқ фикр алмашиш майдонига айланди. Ушбу нуфузли йиғилиш жамоатчилик қадриятларини мустаҳкамлаш, фуқаролик масъулиятини ошириш ва жамиятда одоб-ахлоқ меъёрларини шакллантиришга қаратилган мамлакат тараққиётининг стратегик йўналишлари билан аниқ ташаббусларни бирлаштирди.