Ақорда маълумотларига кўра, лойиҳа биологик ферментация соҳасидаги дунё етакчиларидан бири — Хитойнинг Fufeng Group компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Саноат мажмуасига инвестицияларнинг биринчи босқичига 350 миллион доллар сарфланди. Корхона йилига 500 минг тоннагача маккажўхори қайта ишлаш имкониятига эга бўлади.
Иккинчи босқич корхонанинг маккажўхорини қайта ишлаш қувватини йилига 3 миллион тоннагача ошириш ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турини кўпайтиришни кўзда тутади. Ушбу босқич учун умумий инвестиция ҳажми 1,15 миллиард долларни ташкил этади.
Саноат паркининг қурилиши тахминан 1,5 минг иш ўрни яратади ва мамлакатда маккажўхори донини чуқур қайта ишлаш учун тўлиқ ишлаб чиқариш циклини шакллантиради.
Бу, шунингдек, қишлоқ хўжалиги хомашёсини чуқур қайта ишлашни рағбатлантиришга, Хитой билан саноат ҳамкорлигини кенгайтиришга, шунингдек, маҳаллий агросаноат секторининг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.