“Мамлакатимиз маданияти жаҳон миқёсда муносиб тарзда намойиш этилмоқда. Халқ томонидан кенг танилган, эътироф этилган ва севилган мусиқачиларимиз, қўшиқчиларимиз, актёрларимиз, рассомларимиз, рақс санъати усталаримиз ва креатив индустрия вакиллари янги қозоқ маданий тўлқинининг яққол рамзига айланди. Замонавий маданий дипломатия намунаси сифатида Silk Way Star халқаро мусиқа танлови эътироф этилди. Ушбу лойиҳа хориждаги мамлакатимизнинг энг машҳур ва нуфузли медиа лойиҳаларидан бирига айланди. Қозоғистон халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни сезиларли даражада мустаҳкамлади, кенг кўламли маданий ва таълим лойиҳаларини фаол амалга оширди ва илмий ташаббусларни бошлади. Бу - ранг-баранг қозоқ маданиятининг машҳурлигини оширишга қаратилган тўғри ва муҳим иш йўналиши”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари бугунги учрашув ҳам муҳим сана арафасида бўлиб ўтаётгани, рамзий маънога эга эканлигини таъкидлади. У 1992 йил 22 майда Қозоғистон нуфузли халқаро ташкилот — ЮНЕСКОнинг тўлақонли аъзоси бўлганини эслатди.
“Айтганча, мен сизларга бир нарсани айтмоқчиман. Бундан роппа-роса 34 йил олдин, 22 майда сизларнинг Президентингиз вазир ўринбосари сифатида Париждаги ЮНЕСКО бош қароргоҳига ташриф буюрди ва ташкилотнинг ўша пайтдаги бош директори Федерико Майор билан ушбу тарихий воқеа бўйича ҳужжат имзолади. Йиллар давомида мамлакатимизнинг моддий ва номоддий меросига тегишли йигирмага яқин объект ЮНЕСКО рўйхатига киритилди. Улар орасида Туркистондаги Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси ҳам бор. Бу рўйхат кенгайишда давом этади”, - деди Президент.