Тоқаев октябрь ойида Қозоғистон халқига Мурожаат йўллайди

ASTANА. Кazinform – Ташаббускор ва бунёдкор бўлиш — кўчманчилар табиатига хос ҳаёт тарзи. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари ғолибларини тақдирлаш маросимида таъкидлади.

Фото: Ақорда

— Мамлакатимиз энди тарихий юксалиш даврига кирди. Биз яхлит мамлакатга айландик ва кенг кўламли ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширдик. Биз барча халқимизга, айниқса ёш авлодга йўл-йўриқ кўрсатадиган Конституциямизни қабул қилдик. Адолатли, кучли, илғор ва тоза Қозоғистон учун мустаҳкам пойдевор яратдик. Буни миллат тарихидаги ҳақиқий бурилиш нуқтаси деб ҳисоблаш мумкин. Конституция халқимизнинг йўлчи юлдузи, мамлакатдаги туб ўзгаришларга янги туртки берган муқаддас ҳужжатдир, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президент яқинда Қурултой сайлови бўлиб ўтганини ва профессионал, ишбилармон ва ташаббускор фуқаролар, жумладан, кўплаб ёшлар олий қонун чиқарувчи органга кирганини таъкидлади.

Фото: Ақорда

- Вице-президент тайинланди. Янгиланган Ҳукумат ўз ишини бошлади. Хавфсизлик Кенгаши аппарати шакллантирилди. Қозоғистон Халқ Кенгаши таркиби тез орада тасдиқланади. Қурултой розилиги билан Конституциявий суд судьялари, Марказий сайлов комиссияси ва Олий аудитор палатаси аъзолари тайинланади. Шундай қилиб, мамлакатнинг асосий давлат институтлари тўлиқ модернизация қилинади. Бу ҳам кенг кўламли ислоҳотларимизнинг жуда муҳим қисмидир. Октябрь ойида эса, Конституциянинг 46-моддасига мувофиқ, мен Қозоғистон халқига Мурожаат йўллайман ва келажакдаги режаларимизни баён қиламан, — деди Давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон терма жамоаси 31 августдан 6 сентябргача Қирғизистонда бўлиб ўтган VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида 74 та медални қўлга киритди.