«Азиз ватандошлар! Оила куни муборак бўлсин! Оила — миллатнинг ўзига хос қиёфасини белгилайдиган ҳамда давлат ва жамият тараққиётига бевосита таъсир кўрсатадиган муҳим институт. Ҳар бир фуқаронинг дунёқараши, инсоний фазилатлари оилада шаклланади. Она қалбининг меҳри ва отанинг ибратли ўгитлари ҳар бир инсонни юксак мақсадлар сари етаклайди. Катталарнинг донолиги ва ҳаётий тажрибаси ёшларга ҳаёт йўлида йўл-йўриқ бўлади, яқин инсонларнинг қўллаб-қувватлаши эса доимо куч-қувват бағишлайди. Шу тариқа, биз урф-одатларимиз ва миллий қадриятларимизни авлоддан-авлодга етказиб, халқимизнинг маданий таянчини ва маънавий яхлитлигини мустаҳкамлаб келмоқдамиз», — деди у.
Президент 1 июлда қонуний кучга кирган Қозоғистон Республикаси Конституциясига мувофиқ никоҳ ва оила, она, ота ҳамда бола давлат муҳофазасида эканини эслатди.
«Конституцияда болалар ҳуқуқларини, аёл ва онанинг оиладаги ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Илк бор «никоҳ — эркак ва аёлнинг давлат томонидан қонунга мувофиқ рўйхатдан ўтказилган ихтиёрий ва тенг ҳуқуқли иттифоқи» деган норма ўз аксини топди. Шунингдек, жорий йилда Оила масалалари бўйича вакил институти ташкил этилди. Болалар тарбияси масаласига катта масъулият билан ёндашиш, ўсиб келаётган авлоднинг ҳар томонлама ривожланиши учун қулай шароит яратиш — давлатнинг муҳим вазифаларидан биридир. Бу — инсон капиталини мустаҳкамлашнинг, яъни мамлакатимиз салоҳиятини оширишнинг асосий шарти. Ватанга муҳаббат туйғуси, шунингдек, қонун ва тартибга риоя қилиш, табиатни асраш, жамоат жойларида тозаликни сақлаш, ёш авлод қалбига халқимизнинг илғор анъаналарини сингдиришнинг алоҳида аҳамияти, энг аввало, оиладаги таълим-тарбия орқали тарғиб этилади», — деди Давлат раҳбари.
Қасим-Жомарт Тоқаев ҳар бир хонадонида бахтли ҳаёт кечириладиган Адолатли Қозоғистонни биргаликда барпо этишимизни таъкидлади.
«Барчамиз ушбу умумий вазифани амалга ошириш учун куч-ғайратимизни бирлаштирсак, жамиятда цивилизациялашган мамлакатларга хос янги ахлоқ-одоб меъёрларини шакллантирамиз. Биз бунёдкор миллат сифатида тарихий юксалиш даврига ишонч билан қадам қўйиб, мақсад ва вазифаларимизга эришамиз. Шу тариқа, ҳар бир хонадонида бахтли ҳаёт кечириладиган Адолатли Қозоғистонни биргаликда барпо этамиз. Мен бунга қатъий ишонаман. Барча Қозоғистон фуқароларига сиҳат-саломатлик ва муваффақиятлар тилайман!» — деди Президент.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда 7-13 сентябрь кунлари ўтказиладиган Оила кунига бағишланган ҳафталик бошлангани хабар қилинди.