Қозоғистон Президенти олий мартабали меҳмонга самимий муносабат билдириб, ушбу ташриф икки томонлама муносабатларга янги суръат бағишлаши ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар очишини таъкидлади.
«Ташрифингизнинг тарихий аҳамияти катта, деб ҳисоблайман. Чунки бунга қадар Камбоджа бош вазирлари Қозоғистонга ташриф буюрмаган. Сизнинг эса қозоқ замини билан алоҳида боғлиқлигингиз бор. Отaнгиз 1982 йилда мамлакатимизга келган экан. Бугун икки томонлама муносабатларнинг кенг қамровли масалаларини муҳокама қиламиз. Қозоғистон халқи мамлакатингизга алоҳида меҳр билан қарайди. Кўплаб юртдошларимиз Камбоджага бориб, унинг гўзал масканлари билан танишишни истайди. Мамлакатларимиз ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни очиш масаласини муҳокама қилишимиз керак. Шунингдек, гуманитар соҳадаги алоқаларни ҳам фаоллаштиришимиз лозим”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Президент Қозоғистон ва Камбоджа табиий бойликларга эга мамлакатлар қаторига киришини таъкидлаб, ушбу соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш мумкинлигини қайд этди.
Шунингдек, музокаралар давомида савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари ҳам кўриб чиқилишини билдирди.
Камбоджа Бош вазири Қозоғистонга таклиф қилгани учун Қасим-Жомарт Тоқаевга миннатдорлик билдириб, икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йилдан ошганини таъкидлади.
“Бугун энергетика соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш имконияти пайдо бўлди, деб ўйлайман. Идораларимизга ўзаро манфаатли йўналишларни аниқлаш вазифасини топширишимиз мумкин. Қозоғистон электрон ҳукумат соҳасида сезиларли ютуқларга эришган ва илғор ишланмаларга эга. Вазирликларимиз ушбу йўналишда тажриба алмашишдан манфаатдор”, — деди Хун Манет.
Учрашув давомида томонлар сиёсий мулоқотни, савдо-иқтисодий алоқаларни ва кўп томонлама майдонлардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Эслатиб ўтамиз, Камбоджа Бош вазири Қозоғистонга расмий ташриф билан келган эди.